Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:01

[1] Эгамиз шундай айтмоқда: “Адолатни ҳимоя қилинг, Тўғри ишларни қилинг. Зотан, яқинда нажот бераман, Тез орада адолатимни зоҳир этаман.

[2] Шаббат кунини таҳқирламай, Унга риоя қиладиган инсон бахтлидир! Ҳар қандай ёвузликдан қўлини тийиб, Барқарор бўлган инсон бахтлидир!”

[3] Бегона халқдан бўла туриб, Ўзини Эгамизга бағишлаган одам: “Эгамиз мени, барибир, Ўз халқидан ажратади”, деб айтмасин. Бичилган эркак ҳам: “Мен қуриган дарахтман”, деб айтмасин.

[4] Зотан, Эгамиз ўша эркакларга шундай айтмоқда: “Шаббат кунига риоя қилинг. Мени мамнун қиладиганларни танланг. Менинг аҳдимга содиқ бўлинг.

[5] Шунда сизларга уйимда Ўғилу қизларимникидан ҳам кўра, Яхшироқ ном, хотира бераман. Бу ном йўқолмайдиган, абадий бир ном бўлади.”

[6] Эгамизни севиб, хизмат қиладиган, Шаббат кунига риоя этадиган, Эгамизнинг аҳдига содиқ бўлган, Бегона халқдан бўлиб туриб, Ўзини Эгамизга бағишлаганларга Эгамиз шундай демоқда:

[7] “Мен сизларни муқаддас тоғимга олиб келаман. Маъбадимда сизларни мамнун қиламан. Куйдириладиган қурбонликлару назрларингиз Қурбонгоҳимда қабул бўлади. Менинг уйим барча халқларнинг ибодат уйи деб аталади.”

[8] Тарқалиб кетган Исроил халқини йиғадиган Эгамиз Раббий айтмоқда: “Уйимда йиғилганлар ёнига Мен яна бошқаларни йиғиб келаман.”

[9] Эй даштдаги ҳамма ҳайвонлар, Эй ўрмондаги барча ҳайвонлар! Келинглар, халқимни еб битиринглар!

[10] Исроилнинг соқчилари кўрдир! Уларнинг ҳаммаси идроксиз, Вовилламайдиган тилсиз итлар кабидир. Ётиб олиб, туш кўрадилар, Улар уйқуни яхши кўрадилар.

[11] Улар тўйганини билмаган Очкўз итларга ўхшар, Бу чўпонлар идроксиз! Ўз фойдасини кўзлаб, Ҳар бири ўз йўлидан кетди.

[12] Улар шундай дейди: “Қани, келинглар, шароб ичайлик, Ичкиликка роса тўяйлик. Эрта ҳам бугун каби бўлади, Ҳатто ундан ҳам яхшироқ бўлади.”

Ишаё пайғамбарнинг китоби — Chapters