Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:51

[1] Омиз ўғли Ишаёга ваҳийда Бобил тўғрисида аён бўлган башорат.

[2] Яланг тепалик узра байроқ кўтаринг, Бобилга қарши жангчиларни сафарбар қилинг. Ҳаммасини жангга даъват этинг, Улар аслзодалар дарвозаларини ишғол қилсин.

[3] Эгам айтар: “Мен Ўзим танлаганларга амр бериб, Қаҳримни кўрсатсин деб, жангчиларимни йиғдим, Ғалабамдан севинадиганларни тўпладим.”

[4] Қирлардаги оломоннинг товуши Ўхшайди буюк халқнинг овозига. Ана, шоҳликларнинг шовқин–сурони! Элатлар йиғилмоқда. Жанг қилмоққа лашкарини Сарвари Олам тайёрламоқда.

[5] Келаётир улар узоқ ерлардан, Ҳа, осмон гумбазининг бир бурчидан. Эгам ва Унинг ғазаб қуроллари Вайрон қилади бутун ер юзини.

[6] Фарёд қил, Эгамизнинг куни яқин! Ҳа, Қодир Худо кулфат юборади!

[7] Ҳамма қўллардан дармон кетади, Ҳар бир инсон ваҳимага тушади.

[8] Улар даҳшатга тушарлар, Дарду изтироб уларни чулғар, Тўлғоқ тутган аёлдай букчайиб қолар. Бир–бирига қўрқув ичра қарар, Уларнинг юзлари ловуллаб ёнар.

[9] Мана, келаётир Эгамизнинг куни! Аланга олаётир ғазабу қаҳр, даҳшат. Вайронага айлантирар ер юзини, Ер юзидан қириб ташлар гуноҳкорларни.

[10] Ҳа, самодаги юлдузлар, буржлар Таратмайди ўз ёруғлигини. Қуёш чиқса ҳам, зулмат бўлади, Ой ўз нурини сочмайди.

[11] Эгам айтар: “Олам билан ҳисоб–китоб қиламан қабиҳлиги учун, Фосиқлар билан уларнинг гуноҳи учун, Манманларнинг киборлигига чек қўяман, Такаббурларни димоғдорлиги учун ерга ураман.

[12] Инсонни камёб қиларман соф олтиндан ҳам, Одамни Офир олтинидан ҳам.

[13] Ғазабим алангаланган кун Самони титратиб юборарман. Мен, Сарвари Оламнинг ғазабидан Замин қўзғалади ўз ўрнидан.

[14] Шунда инсон овдаги жайрондай бўлар, Чўпонсиз қолган сурувдай бўлар, Ҳар бири ўз халқига қайтиб кетади, Ҳар бири ўз юртига қочиб боради.

[15] Топилганларнинг ҳар бири найзага илинади, Қўлга тушган ҳар ким қиличдан ўтказилади.

[16] Ўзларининг кўз ўнгида Чақалоқлари тилка–пора бўлади. Уйлари талон–тарож бўлади, Хотинларига тажовуз қилинади.

[17] Мана, Мидияликларни уларга қарши қўяман, Мидияликларга кумушнинг ҳеч кераги йўқ, Улар олтинни ҳам истамаслар.

[18] Уларнинг ўқлари ёшларни қиради, Шафқат кўрсатмайди улар болаларга, Раҳм қилмайди она қорнидагиларга.

[19] Бобил шаҳри шоҳликларнинг гўзали, Бобилдир — Бобилликларнинг улуғвор дурдонаси. Аммо Мен, Худо, ер билан яксон қиламан Худди Садўм, Ғамўра каби уни.

[20] Энди у ерда ҳеч ким яшамас, То абад ҳеч ким уни маскан қилмас. У ерда ҳатто чодир қурилмас, Чўпонлар сурувларини ўтлатмас.

[21] Аммо ёввойи ҳайвонлар бу ерда ётар, Уйлар йиртқичлар билан тўлар, У ерда бойқушлар жойлашар, Эчкилар у ерда шаталоқ отар.

[22] Увиллашар сиртлонлар қалъаларда, Чиябўрилар гўзал саройларда. Ўша вақт яқин орада келади, Ўша кун келмасдан қолмайди.”

Ишаё пайғамбарнинг китоби — Chapters