Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 9:10

[1] Эгам айтар: “Мен шоҳ Курушни ўнг қўлидан тутиб турибман. Халқларни унга итоат эттирай дея, Шоҳларни қуролсизлантираман. Унинг олдида эшиклар очиқ туради, Дарвозалар ёпилмайди.” Эгамиз Ўзининг танлагани — Курушга шундай айтмоқда:

[2] “Мен Ўзим Сенинг олдингда бораман, Тоғларни текисликка айлантираман, Бронза эшикларни парчалайман, Темир тамбаларни синдираман.

[3] Мен Эганг эканлигимни билиб олгин, Сенинг исмингни айтиб чақираётган Мен Исроил халқининг Худоси эканлигимни англагин деб, Яшириб қўйилган бойликларни, Зулматдаги хазинани сенга бераман.

[4] Қулим Ёқуб ҳақи, Ўзим танлаган Исроил ҳақи, Сенинг исмингни айтиб чақирдим. Сенга ном ато қилдим, Аммо сен Мени билмайсан.

[5] Мен Эгангман, бошқаси йўқ, Мендан ўзга худо йўқ! Сенга мадад бераман, Аммо Мени билмайсан.

[6] Мендан бошқаси йўқлигини Шарқу ғарбда ҳамма билсин, дедим. Мен Эгангман, бошқаси йўқ!

[7] Мен ёруғлик яратаман, зулмат бино қиламан, Фаровонлик юбораман, кулфат ёғдираман. Мен Эгангман! Буларнинг ҳаммасини Мен қиламан!

[8] Эй самолар, юқоридан солиҳлик ёғдиринг, Ҳа, солиҳлик булутлардан қуйилсин. Ердан нажот униб чиқсин, Солиҳлик билан бирга яшнасин. Мен Эгангизман! Мен уни яратганман.”

[9] Ҳолингизга вой! Эй Яратувчи билан баҳслашадиганлар! Тупроқдан ясалган кўзаю хумлар! Ахир, лой кулолга: “Нима қиляпсан?” дейдими?! “Қўлингдан иш келмас экан!” деб айтадими?!

[10] Туғилмаган ҳомила отасига: “Нима туғдиряпсиз ўзи?” деб айтадими?! Онасига: “Нимага мени туғяпсиз ўзи?” дейдими?! Сизларнинг ҳолингизга вой!

[11] Исроил халқининг Муқаддас Худоси, Унинг Яратувчиси — Эгамиз шундай айтмоқда: “Хўш, энди Ўз фарзандларимнинг Тақдири ҳақида Мени сўроққа тутасизми?! Ўз қўлларим ижоди тўғрисида Менга кўрсатмалар берасизми?!

[12] Заминни барпо қилган, Ер юзида инсонни яратган Менман. Мен Ўз қўлим билан осмонни ёйдим, Барча самовий жисмларга Мен буйруқ бердим.

[13] Мен Ўзим Курушни қўзғатиб, Унга ғалаба бераман. Унинг барча йўлларини текислайман. У Менинг шаҳримни қуради. Пораю мукофот олмасдан Менинг асирларимни қўйиб юборади.” Сарвари Олам шундай деди.

[14] Эгамиз айтмоқда: “Мисрнинг бойликлари, Ҳабашистоннинг хазиналари сеники бўлади! Саво юртининг баланд бўйли одамлари сенга келади. Улар сенга эргашади. Занжирбанд бўлиб, сенга таъзим қилади. Ёлвориб: «Ҳа, Худо сизнинг орангизда! Ундан бошқа Худо йўқ!» дейди.”

[15] Эй Исроил халқининг Худоси — қутқарувчи! Ҳақиқатан ҳам, Сен Ўзини яширадиган Худосан.

[16] Бут ясайдиганлар биргаликда уятга қолди. Ҳаммаси шармандаю шармисор бўлди.

[17] Исроилни эса Эгамиз қутқарди, То абад нажот берди! Эй Исроил халқи, сизлар шарманда бўлмайсиз, То абад уятга қолмайсиз!

[18] Эгамиз Самоларни яратган, У Худодир! У ерни барпо қилган, мустаҳкамлаган. Ерни бўш қилиб эмас, Яшашга лойиқ қилиб яратган. У шундай деб айтмоқда: “Мен Эгангизман, бошқаси йўқ.

[19] Мен сизларга яширин жойда, Зимзиё юртда гапирмадим. Мен Ёқуб наслига: «Бўш жойлардан Мени қидиринг!» деб айтмадим. Мен Эгангизман. Ҳақиқатни айтаман, Тўғрисини эълон қиламан.

[20] Эй халқларнинг омон қолганлари, Йиғилинглар, яқинлашиб, бирга келинглар! Ёғоч бутларини олиб юрадиганлар, Қутқармайдиган худога ибодат қиладиганлар Ҳеч нарсани англаб етмайдилар.

[21] Гапиринг, исбот келтиринг. Ўзаро маслаҳатлашинг. Бу тўғрида ким қадимдан хабар берди? Азалдан ким айтиб берган эди? Мен Эгангиз эмасми?! Мендан бошқа Худо йўқ! Мен одил Худоман, қутқарувчиман! Мендан бошқаси йўқ.

[22] Менга юз буринг, нажот топасиз, Эй заминнинг барча четлари! Ҳа, Мен Худоман, бошқаси йўқ.

[23] Ўзим ҳақим онт ичдим, Оғзимдан тўғри сўз чиқди, беҳуда кетмас: Менинг олдимда ҳар бир одам тиз чўкади, Ҳар бир тил Менга садоқат қасамини ичади.

[24] Мен ҳақимда: «Фақатгина Эгамизда адолат, қудрат бор», деб айтадилар. Мендан ғазабланганларнинг ҳаммаси Менга келадилар, улар уялиб қоладилар.

[25] Аммо бутун Исроил насли Мен — Эгаси туфайли нажот топади. Улар мақтовга сазовор бўлади.”

Ишаё пайғамбарнинг китоби — Chapters