[1] Ҳизқиё ҳукмронлигининг ўн тўртинчи йилида Оссурия шоҳи Санхарив Яҳудо юртига ҳужум қилди. Унинг ҳамма мустаҳкам шаҳарларини босиб олди.
[2] Лахиш шаҳридан Оссурия шоҳи ўз мулозимини катта лашкар билан Қуддусга, шоҳ Ҳизқиё ҳузурига юборди. У Юқори ҳовуз ариғи ёнида тўхтади. Бу ариқ кир ювувчининг даласига борадиган йўлда эди.
[3] Шунда Хилқиё ўғли Элияқим, Шавна ва Осиф ўғли Йўх Қуддусдан чиқиб, мулозимнинг ёнига бордилар. Шоҳ Ҳизқиёнинг саройида Элияқим бош вазир бўлиб, Шавна котиб, Йўх эса мушовир бўлиб хизмат қилар эдилар.
[4] Мулозим уларга шундай деди: “Улуғ Оссурия шоҳининг шу гапларини Ҳизқиёга етказинг: «Нимангга ишоняпсан ўзи?
[5] Ҳарбий маҳоратингдан ва куч–қудратингдан гапиряпсан, лекин булар қуруқ гаплар–ку! Кимингга ишониб менга итоат этмаяпсан?
[6] Ҳа, сен Мисрга ишоняпсан. Лекин Миср ёриқ қамишдан қилинган ҳассага ўхшайди–ку! Унга суянсанг, қўлингга санчилади. Миср фиръавнига ишонганларнинг ҳаммаси шу аҳволга тушади.
[7] Балки сизлар: ‘Биз Эгамиз Худога ишонамиз’, деб айтарсизлар менга. Ахир, Ҳизқиё ўша Эгангизнинг саждагоҳу қурбонгоҳларини бузиб ташлаб, Яҳудо халқига ва Қуддусликларга: ‘Фақатгина Қуддусдаги қурбонгоҳнинг олдида сажда қилинглар’, деб айтган экан–ку!»
[8] Келинглар, энди Оссурия шоҳи жаноби олийлари номидан сизлар билан бир гаров ўйнайлик. Биз сизларга икки мингта от берамиз, қани, уларни минишга одам топинглар–чи!
[9] Қани, кўрайлик–чи, шоҳимнинг қуллари орасидаги энг кичик бир лашкарбошисини мағлуб қила оласизми?! Ахир, ўзингиз Мисрнинг жанг араваларию отлиқларига умид боғлаб ўтирибсиз.
[10] Қолаверса, бизни Эгангизнинг хоҳишисиз бу юртни вайрон қилишга келган, деб ўйлайсизларми? Эгангизнинг Ўзи бизга: «Ўша юртга бориб, у ерни вайрон қилинглар», деб амр берган–ку!”
[11] Элияқим, Шавна ва Йўх Оссуриялик мулозимга: — Бу қулларингга орамийча гапиравер, орамийчани тушунамиз. Ибронийча гапирма. Тағин девор устидагилар бизнинг гапимизни эшитиб қолмасин, — дедилар.
[12] Мулозим эса шундай жавоб берди: — Шоҳим бу сўзларни фақат ҳукмдорингизга ва сизларга гапирсин, деб мени юборибдими?! Девор устида тўпланган одамларга ҳам гапиряпман–да. Улар ҳам, сизлар каби тезакларини еб, сийдикларини ичишга гирифтор қилинган.
[13] Сўнгра у тик туриб, баланд овоз билан ибронийча гапирди: “Улуғ Оссурия шоҳининг гапларини эшитинг!
[14] Шоҳ ҳазратлари шундай айтмоқда: Ҳизқиё сизларни йўлдан урмасин. У барибир сизларни қутқара олмайди.
[15] «Эгамиз бизни албатта қутқаради, бу шаҳар Оссурия шоҳи қўлига таслим бўлмайди», деб Ҳизқиё сизларни Эгангиздан умидвор қилмасин.
[16] Шоҳингиз Ҳизқиёга қулоқ солманглар. Мана, Оссурия шоҳи айтмоқда: мен билан сулҳ тузиб, менинг олдимга чиқинглар. Шунда ҳар кимга ўз узумзорию анжир дарахти ҳосилидан ейишга, ўз сардобасидан сув ичишга ижозат берилади.
[17] Сўнгра мен сизларни ўз ўлкангизга ўхшаган бир юртга олиб бораман. У жой буғдой, шароб, нон, узумзорларга бой юртдир.
[18] Яна Ҳизқиё: «Эгамиз бизни қутқаради», деб сизларни алдамасин. Қани, қайси халқнинг худоси ўз юртини мен, Оссурия шоҳининг қўлидан қутқарибди?!
[19] Хомат билан Арпад шаҳарларининг худолари қани?! Сефарвайимнинг худолари–чи?! Бирорта худо Самарияни менинг қўлимдан қутқара олмади–ку!
[20] Жамики халқларнинг худоларидан қайси бири ўз юртини менинг қўлимдан қутқарибдики, Эгангиз Қуддусни қутқара олса?!”
[21] Аммо халқ жим тураверди. Биронтаси ҳам жавоб бермади. Чунки шоҳ Ҳизқиё: “Унинг гапига жавоб қайтарманглар”, деб фармон берган эди.
[22] Шундан кейин бош вазир Элияқим, котиб Шавна ва мушовир Йўх қайғудан либосларини йиртиб, Ҳизқиёнинг олдига келдилар–да, Оссурия мулозимининг гапларини Ҳизқиёга айтиб бердилар.