Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 7:14

[1] Эй Қуддус халқи, тур, порлагин! Ахир, нуринг келди, Эгамизнинг улуғворлиги устингга ёғилди.

[2] Мана, ер юзини зулмат қоплади, Халқларни қуюқ зулмат босди. Аммо Эгамиз сенинг олдингга келади, Ўз улуғворлигини бошинг узра порлатади.

[3] Халқлар сенинг нурингга келади, Тонгги ёруғлигингга шоҳлар келади.

[4] Бошингни кўтариб, атрофингга боқ! Ҳаммаси тўпланиб, сенга келмоқда. Ўғилларингни узоқлардан олиб келадилар, Қизларингни чақалоқлардай қўлларда кўтариб келадилар.

[5] Ўшанда шуларни кўриб, нур сочасан, Юрагинг ҳаприқиб, қинидан чиққудай бўлади. Зотан, денгиз орқали келадиган бойликлар сенга насиб этади, Халқларнинг бойлиги сенга келади.

[6] Юртинг туя сурувларига тўлиб кетади, Мидиён, Эфахнинг бўталоқлари билан тўлади. Уларнинг ҳаммаси Шава юртидан келади, Олтину тутатқилар олиб келади. Улар Эгамизга мадҳлар айтади.

[7] Кедарнинг ҳамма қўй сурувлари сенга келади, Наваётнинг қўчқорлари сенга хизмат қилади. Эгамизнинг қурбонгоҳида Улар қурбонлик деб қабул қилинади. Эгамиз Ўз уйини янада улуғвор қилади.

[8] Булутлар каби, учаётган нима у? Инларига учаётган каптарларга ўхшаш нима у?

[9] Шубҳасиз, денгиз ортидаги юртлар Эгамизга мунтазир бўлади. Исроил халқининг Муқаддас Худоси — Эгангиз Худонинг шарафига Таршиш кемалари бошчилигида Болаларингизни узоқдан олиб келишади, Олтину кумушлари билан бирга олиб келишади. Зотан, Эгамиз сени улуғворлик билан қоплаган.

[10] Эгамиз Қуддусга шундай дейди: “Бегоналар деворларингни тузатади, Шоҳлари сенга хизмат қилади. Ғазабланганимда сенга жазо берган бўлсам ҳам, Энди марҳамат қилиб, сенга шафқат қиламан.

[11] Дарвозаларинг доимо очиқ бўлади, Улар кечаю кундуз ёпилмайди. Шунда халқлар сенга бойликларини олиб келади, Уларни ўз шоҳлари бошлаб келади.

[12] Сенга хизмат қилмаган элату шоҳлик йўқ бўлади, Ҳа, у халқлар батамом нобуд бўлади.

[13] Лубноннинг фахрланган дарахтлари Сенга олиб келинади. Сарв, чинор, садр ёғочлари Муқаддас масканимни безатиш учун келтирилади. Оёғим турган шу жойга Мен шуҳрат келтираман.

[14] Сенга зулм қилганларнинг ўғиллари келиб, Сенга таъзим қиладилар. Сендан нафратланганларнинг ҳаммаси Оёқларингга йиқилади. Улар сени «Эгамизнинг шаҳри, Исроил халқининг Муқаддас Худосининг шаҳри — Сион» деб аташади.

[15] Илгари сен ташлаб кетилган, Ҳамма нафрат этган, Бирор кимса ўтмайдиган жой эдинг. Энди Мен сени абадий улуғвор қиламан, Жамики наслларнинг шодлиги қиламан.

[16] Элатлар, шоҳлар сени она каби эмизадилар, Ўшанда Мен, Эганг, сенинг нажоткоринг эканлигимни билиб оласан, Ёқуб наслининг қудратли Худоси — Қутқарувчинг Мен эканлигимни англайсан.

[17] Сенга бронза ўрнига олтин, Темир ўрнига кумуш, Ёғоч ўрнига бронза, Тош ўрнига темир келтираман. Тинчлик сенинг ҳакаминг, Солиҳлик ҳукмдоринг бўлади.

[18] Юртингда энди зўравонлик товуши эшитилмайди, Чегаранг ичида вайронагарчилик, ҳалокат бўлмайди. Деворларингга, Нажот деб ном қўясан, Дарвозаларингга, Шараф дея ном берасан.

[19] Энди кундузи қуёш сенга нур сочмайди, Ой ҳам ёруғлик манбаинг бўлмайди. Сенга Менинг Ўзим то абад нур манбаи бўламан, Мен, Худойинг, сенинг улуғворлигинг бўламан.

[20] Қуёшинг ҳеч қачон ботмайди, Ойинг энди бошқа яширинмайди, Чунки Мен сенинг қуёшу ойинг бўламан. Ҳа, Мен сенинг то абад нуринг бўламан, Қайғули кунларинг тамом бўлади.

[21] Халқингнинг ҳаммаси солиҳ бўлади, Улар юртни то абад мулк қилиб олади. Ўзим ўтқазган ниҳолдир улар, Менга шуҳрат келтирсин деб, яратган Қўлларимнинг ижоди улар.

[22] Энг кичик одамингдан мингта одам чиқади, Энг заиф одамингдан кучли халқ пайдо бўлади. Мен, Эганг, буни ўз вақтида тез бажо келтираман.”

Ишаё пайғамбарнинг китоби — Chapters