[1] Чўлу биёбон шод бўлади, Саҳро қувониб, атиргулдай гуллайди.
[2] Ҳамма ёқда гул–чечаклар очилади, Чўл шодланиб, қувончдан ҳайқиради. Лубноннинг чиройи, Кармил тоғининг, Шарон текислигининг улуғворлиги Унга берилади. Улар Эгамизнинг шуҳратини, Худойимизнинг улуғворлигини кўради.
[3] Қўллари чарчаганларга далда бергин, Тиззалари букилганларга мадад бергин.
[4] Қўрқоқ юракларга шундай деб айтгин: “Дадил бўлинг, қўрқманг! Мана, Худойингиз! Қасос келмоқда илоҳий интиқом ила, Унинг Ўзи сизларга нажот беради.”
[5] Ўша пайтда кўрларнинг кўзлари очилади, Карларнинг қулоқлари эса эшитади.
[6] Чўлоқ ҳам оҳудай сакрайди, Соқов шодликдан ҳайқиради. Мана, ахир, саҳрода сув шариллаб оқмоқда, Чўл жойлар эса ирмоқларга тўла.
[7] Қизиб ётган қум ҳовузга айланади, Қақраган ер қайнаётган булоқ бўлади. Олдин чиябўрилар яшаган масканларда Энди майса, қамиш, папируслар ўсади.
[8] Ўша ердан катта йўл ўтади, Муқаддас Йўл деб аталган йўл бўлади. Нопоклар у йўлга қадам босмайди, Бу йўл мана шу йўлдан юрадиганларга қарашлидир. Бу йўлдан юрадиганлар, Ҳатто идроксизлар ҳам адашмайди.
[9] У ерда шер бўлмайди. Йиртқич ҳайвон юрмайди. Улар бу ерда топилмайди. Ҳа, фақат нажот топганлар ўша ерда юради.
[10] Эгамиз қутқарганлар қайтиб келади, Улар қўшиқ айтиб, Қуддусга киради. Бошларида абадий шодлик тожи бўлади, Шод–хуррамлик уларни қамраб олади, Қайғу, ғамлар йўқ бўлиб кетади.