[1] Ўша куни Яҳудо юртида ушбу қўшиқ куйланар: “Мана, шаҳримиз қудратлидир! Эгамиз бизнинг қалъамиздир, Унинг Ўзи бизга нажот беради.
[2] Очинг шаҳар дарвозаларини! Садоқатли солиҳ халқ ичкари кирсин!
[3] Эй Эгамиз, Сенга ишониб, Фикри–зикри Сендан узилмайдиганга Ўзинг комил тинчлик ато қиласан.
[4] Эгамизга то абад ишон, Унинг Ўзи абадий Қоямиздир.
[5] Юксалганларни У йиқитди, Такаббур шаҳарни вайрон қилиб, Ер билан битта қилди.
[6] Ўша шаҳарни мазлумлар оёқ ости қилди, У бечораларнинг қадамлари остида эзилди.”
[7] Солиҳнинг йўли текисдир, Тўғри йўлни Сен унга тайёрлайсан.
[8] Эй Эгамиз, йўл–йўриқларинг ила Сенга умид қиламиз. Сенинг номингни шарафлаш Кўнглимиз истагидир.
[9] Тун бўйи юрагим Сени қўмсайди, Ҳа, мен Сенга интиламан. Ер юзида Сенинг ҳукминг бўлганда, Олам аҳли адолатни билади.
[10] Фосиқлар марҳамат кўрганда Улар асло солиҳликни ўрганмас. Ҳаққонийлик ўрнига улар эгрилик қилаверади, Сенинг улуғворлигингни улар кўрмайди.
[11] Эй Эгамиз, қўлинг кўтарилган, Жазолашга тайёр, Аммо улар буни кўрмайди. Халқингни деб жон куйдирганингни кўриб, Улар шарманда бўлсин. Ғанимларингга аталган олов уларни ютсин.
[12] Эй Эгамиз, бизга Сен тинчлик ато этасан, Қилган ишларимизнинг барчасига Етишганмиз Сенинг қудратинг ила.
[13] Эй Эгамиз Худо, Сендан бошқалар Устимиздан ҳукмронлик қилдилар, Аммо биз ёлғиз Сенинг номингни тилга оламиз.
[14] Ўликлар яшамас, Улар асло қайтиб келмас. Уларни Сен жазолаб, қириб ташладинг, Уларни тамомила хотирадан ўчирдинг.
[15] Эй Эгамиз, халқимизни Сен кўпайтирдинг, Халқни кўпайтириб, Ўзинг юксалдинг, Юртнинг барча чегараларини кенгайтирдинг.
[16] Эй Эгамиз, кулфатда қолганларида Улар Сенга юз бурдилар, Сенинг танқидларинг остида эгилдилар.
[17] Тўлғоқ тутаётган аёл оғриқдан қичқиргандай, Тўлғониб, дод–фарёд қилгандай, Биз ҳам Сенинг олдингда шундай бўлдик, эй Эгамиз!
[18] Ҳомиладор бўлиб, дард чекдик, Аммо шамолдан бошқа ҳеч нарса кўрмадик. На ер юзида биз ғолиб бўлдик, На авлодлар дунёга келтирдик.
[19] Аммо Сенинг ўлик халқинг тирилади, Таналари ўрнидан туради. Эй тупроқ остида ётганлар, қўзғалинг, Шодликдан ҳайқиринг! Эй Эгамиз, шабнаминг тонгги шабнамга ўхшайди, Замин мурдаларига ҳаёт бағишлайди.
[20] Келинг, эй халқим, бир оз яшириниб туринг! Эгамизнинг ғазаби босилгунча, Киринг ичкарига, Ортингиздан эшикларни ёпиб қўйинг!
[21] Ана, Эгамиз келаётир масканидан Замин аҳлини гуноҳлари учун жазолагани. Ер тўкилган қонларни фош этади, Қотилликнинг қурбонларини энди яширмайди.