[1] Уззиёнинг набираси, Йўтомнинг ўғли Охоз ҳукмронлиги даврида Орам шоҳи Ратан ва Исроил шоҳи Рамалиё ўғли Пеках Қуддусга келиб, саф тортдилар. Аммо уни босиб ололмадилар.
[2] Довуд хонадонига: “Орам лашкари Эфрайим халқи билан иттифоқ тузибди” деган хабар етиб келди. Шоҳ Охоз ҳамда халқ шунчалик ваҳимага тушдиларки, ҳаммалари шамолда тебранган дарахтдай титрадилар.
[3] Шунда Эгамиз Ишаёга деди: “Сен ўғлинг Шерёсуб билан катта йўлга чиққин. У йўл кир ювувчининг даласи томон кетган. Юқори ҳовуз ариғининг охири бўлган ўша жойда Охозни кутиб олиб,
[4] унга шундай деб айтинглар: «Ўзингни бос, тинчлан, қўрқма! Орам шоҳи Ратан ва Рамалиё ўғли ғазабга минган, аммо уларни деб қўрқувдан титрамагин. Иккови ҳам ёниб битаётган ғўладай.
[5] Эфрайим ва Рамалиё ўғли билан бирга, Орам сенга қарши фитна қилиб, шундай деди:
[6] ‘Яҳудога бостириб борамиз. Халқини ваҳимага солиб, қўлга оламиз. Сўнг Тўвал ўғлини Яҳудо шоҳи қилиб тайинлаймиз.’
[7] Аммо Эгамиз Раббий айтмоқда: Бу фитна амалга ошмас, Бу ҳеч қачон юз бермас.
[8] Орамнинг боши Дамашқдир, Дамашқнинг боши Ратандир, Олтмиш беш йилдан сўнг Эфрайим Қирилиб битар, асло халқ бўлмас.
[9] Эфрайимнинг боши Самариядир, Самариянинг боши Рамалиё ўғлидир. Агарда сўзимга ишонмасангиз, Мустаҳкам тура олмайсиз.»”
[10] Эгамиз яна Ишаё орқали Охозга шундай деди:
[11] — Айтганларимни амалга оширишимга ишонч ҳосил қилишинг учун, Мен, Эганг Худодан ўзингга бирор аломат сўра, ўша аломат ўликлар диёридан чуқур ёки фалак тоқидан баланд бўлсин.
[12] Шунда Охоз Ишаёга: — Сўрамайман, Эгамни синамайман, — деди.
[13] Шунда Ишаё деди: — Эшитинг, эй Довуд хонадони! Одамларни бездирганингиз сизларга камлик қилгандай, Худойимни ҳам бездирасизларми?!
[14] Энди Раббийнинг Ўзи сизларга аломат беради: ана, қиз ҳомиладор, у ўғил туғади ва Унинг исмини Иммануил қўяди.
[15] Ўша бола ёмонни рад этиб, яхшини танлашни биладиган ёшга етганда қатиқ ва асал ейди.
[16] Ҳа, ўша вақт келмасдан олдин, сизларни ваҳимага солаётган иккала шоҳнинг ерлари ташландиқ бўлади.
[17] Эгам сизнинг ва халқингизнинг, ота–боболарингизнинг хонадони бошига шундай кунларни соладики, Эфрайим Яҳудодан ажралиб чиққандан бери бундай кунлар уларнинг бошига тушмаган: эвоҳ, Оссурия шоҳи келмоқда!
[18] Ўша куни Эгам Миср дарёларининг юқори оқимидаги пашшаларга, Оссурия юртидаги ариларга ишора қилади.
[19] Шундан кейин уларнинг ҳаммаси келиб, чуқур сойликларга, қояларнинг ёриқларига жойлашадилар. Ҳамма чакалакзорларга, ҳамма яйловларга ўрнашиб оладилар.
[20] Ўша куни Раббий Оссурия шоҳини ишлатади. У Раббийнинг қўлида Фурот дарёсининг ортида ижарага олинган устара каби бўлади. Ҳа, соқолингизни бутунлай қириб ташлайди, бошу оёғингизда бирорта тук қолмайди.
[21] Ўша куни бир одам икки қўй ва бир ғунажинни тирик сақлаб қолади.
[22] У одамда шунча кўп сут бўладики, у қатиқ ейди. Юртда қолганларнинг ҳаммаси қатиқ ва асал ейди.
[23] Минг кумуш тангага арзийдиган, токларга тўла бир узумзор бор. Ўша куни мана шу узумзор ҳам чакалакзору тиканзорларга айланади.
[24] Шундан кейин одамлар у ерга камону ўқлари билан борадиган бўлади.
[25] Бир замонлар ишлов берилган, экин экилган барча тепаликларга энди сизлар бормайсизлар. Ахир, чакалакзору тиканзорлардан қўрқасизлар–да. У ерларда моллар ўтлайди, у ерларни қўй–эчкилар топтайди.