[1] Эссайнинг томиридан новда ўсиб чиқади, Ҳа, унинг илдизидан кўчат ёйилади.
[2] Унинг устида бўлади Эгамизнинг Руҳи. Бу донолик ҳамда ақл–идрок, Насиҳат ва куч–қудрат Руҳидир, Эгамизни билиш ва Ундан қўрқиш Руҳидир.
[3] Ўша Эссай фарзанди Эгамиздан қўрқишдан завқ олар, Ҳукм қилмас кўзлари кўргани ила, Ажрим қилмас эшитганлари ила.
[4] У адолат ила бечорани ҳукм қилади, Тўғрилик ила ер юзи мазлумларини ажрим қилади. Бир оғиз сўзи билан золимни жазолайди, Нафаси ила фосиқни ўлдиради.
[5] Адолат унинг белидаги камар бўлади, Ҳаққоният унинг белидаги белбоғ бўлади.
[6] Шунда бўри қўзи билан яшар, Сиртлон билан улоқча бирга ётар, Бузоқ, шер, бўрдоқи биргадир, Ёш бола уларни етаклаб юрар.
[7] Сигир билан айиқ бирга ўтлайди, Болалари ҳам бирга ётади, Шер ҳўкизга ўхшаб сомон ейди.
[8] Гўдак қора илон уяси устида ўйнар, Ёш бола қўлини илон инига суқар.
[9] Муқаддас тоғимнинг гир атрофида Улар зарар келтирмас ё чақмас. Ҳа, сувлар тўлдирганидай денгизни, Ер юзи тўлиқ билиб олади Эгамизни.
[10] Мана, Эссайнинг томиридан чиққан шоҳ ўша куни халқлар учун баланд кўтарилган байроқ каби бўлади. Элатлар маслаҳат сўрагани унинг ҳузурига келади, Унинг маскани улуғворликка тўлади.
[11] Ўша куни Раббий қўлини иккинчи марта узатади. У Ўз халқидан қолганларини қутқаради. Уларни Оссуриядан, Мисрнинг шимолий ва жанубий ҳудудларидан, Ҳабашистондан йиғиб келади. Эламдан, Бобилдан, Хоматдан ва денгиз соҳилларидан олиб келади.
[12] Элатларга У белгисини кўрсатиб, Исроилнинг қувилганларини тўплайди. Ер юзининг тўрт бурчагидан йиғади Яҳудонинг тарқалиб кетганларини.
[13] Эфрайимнинг ҳасадгўйлигини қирқади, Яҳудонинг хусуматини тўхтатади, Эфрайим Яҳудога ҳасад қилмас, Яҳудо Эфрайимга хусумат қилмас.
[14] Ғарбда улар Филистларга чангал солади, Биргаликда Шарқ халқини талайди, Эдом, Мўаб уларга бўйин эгади, Оммон халқи тиз чўкади.
[15] Эгамиз тамомила қириб юборар Қизил денгизнинг қўлтиғини. Фурот дарёсига қарши қўл кўтаради. Гармсел келтириб, жизғанак қилиб, Дарёни етти саёз ирмоққа бўлиб ташлайди, Ирмоқлардан бир–бир ҳатлаб ўтса бўлади.
[16] Ҳа, Исроил Мисрдан чиққанда, Уларга йўл очилганидай Эгамизнинг халқидан қолганларга Оссуриядан катта йўл очилади.