[1] Қўзилар юборгин юртнинг ҳукмдорига, Уларни юбор саҳро йўли орқали Села шаҳридан азиз Сион тоғига.
[2] Худди дарбадар қушлардай Бўлиб қолар ахир, Мўаб аҳли. Уясидан қувилган қушлардай Улар Арнон сойлиги кечувини ғурбатда кезади.
[3] Улар шундай дейди: “Маслаҳат бер бизга, қарор чиқар! Куннинг ўртасида соянгни тун каби тушир. Яширгин қувилганларни, Ошкор қилма қочоқларни!
[4] Қочоқларимиз орангизда яшасин, Қирғин келтирувчи зўравонлардан Мўабга бошпана бўлгин.” Золимлар йўқ бўлганда, Зўравонлик барҳам топади. Талончилар юртдан ғойиб бўлади.
[5] Тахт ўрнатилар садоқат ила. Тахтда ўтирар ҳақиқатгўй бир ҳукмдор. Бу ҳукмдор Довуд хонадонидан келиб чиқар. У адолатпарвар, одиллик билан ҳукм чиқарар.
[6] Ҳа, эшитганмиз Мўабнинг мағрурлигини, Унинг чиройи, киборлиги, бойлигини! Нақадар мағрурдир у! Аммо буларнинг ҳаммаси ёлғон!
[7] Энди Мўаб фарёд чексин, Ҳамма Мўаб учун нола қилсин. Ҳа, ўша Хир–Харасот майизларини Ҳамма қўмсаб, аза тутсин.
[8] Мана, ҳолдан тойди Хашбон далалари, Сивмо узумзорлари ҳам. Халқларнинг ҳукмдорлари эзган Сивмонинг узум бошларини. Улар Язиргача етиб бордилар, Улар саҳрода кезиб юрдилар. Новдалари бир вақтлар ўсиб кетиб, Денгиздан ҳам ошиб ўтди.
[9] Шу боис Язир йиғлаганда, мен ҳам йиғлайман, Эй Сивмо узумзорлари! Кўз ёшларим ила сизларни шалаббо қиламан, Эй Хашбон, Элалей шаҳарлари! Ахир, ёзги ҳосилингиз барҳам топди, Дон ҳосили пайтидаги ўйин–кулгилар тўхтади.
[10] Боғларда шодлик, Хурсандчилик энди бўлмас, Узумзорларда қўшиқ айтилмас, Шодлик қийқириқлари кўтарилмас. Узум сиқиш чуқурларида Ишлайдиган ҳеч ким қолмас. Шодлик қийқириқларини Худо бостирди.
[11] Шу боис юрагим Мўаб учун Арфа каби нола қилар. Хир–Харасот учун вужудим фарёд чекар.
[12] Мўаб халқи келиб, ўзини толиқтирса ҳам, Саждагоҳига келиб, илтижолар қилса ҳам, Ҳеч нарсага эришмас.
[13] Эгамиз бу сўзларни Мўаб ҳақида олдиндан айтган эди.
[14] Энди Эгамиз айтар: “Ҳозир жуда кўп бўлганига қарамай, ёлланган ишчининг муддати каби, уч йилдан кейин Мўабнинг обрўси тўкилар. Халқидан қолганлари эса жуда оз, заиф бўлар.”