Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:49

[1] Шунда Эгамиз менга айтди: — Катта лавҳа олиб, унга: “Мохиршалолхошбозга тегишли”, деб тушунарли қилиб ёз.

[2] Мен руҳоний Уриё билан Ябаракиё ўғли Закариёни Ўзимга ишончли гувоҳлар қилиб тайинлайман.

[3] Шундан кейин мен хотиним билан ётдим. У ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. Шунда Эгамиз менга деди: — Унинг исмини Мохиршалолхошбоз деб қўй.

[4] Бола ҳали “ота”, “она” деб айтишни ўрганмасдан олдин, Оссурия шоҳи Дамашқнинг бойликларини ва Самариядан тортиб олган ўлжаларини олиб кетади.

[5] Эгамиз яна менга гапириб:

[6] — Бу халқ тинч оқадиган Шилўвах сувларидан воз кечди, Ратан ва Рамалиё ўғли Пекахдан кўнгиллари шод бўлди, — деди.

[7] — Шунинг учун Мен, Раббий, халқимга қарши Оссурия шоҳини ва унинг шонли лашкарини бошлаб келмоқдаман. Улар Фурот дарёсининг баҳайбат тўлқинлари кабидир. Ҳамма ирмоқлардан ошиб, ҳамма қирғоқлардан тошиб кетади.

[8] Сел каби Яҳудони босади, унинг бўғзига етиб келади. Шунга қарамай, Худо биз биландир! У ёйилган қанотлари паноҳида юртимизни омон сақлайди!

[9] Эй халқлар, сафарбар бўлаверинг, ҳалокатга йўлиқасиз! Эй узоқ юртлардаги жамики эллар, эшитинг! Жангга бел боғлайверинг, аммо ҳалокатга йўлиқасиз! Ҳа, бел боғлайверинг, аммо ҳалок бўласиз!

[10] Пухта режа қилаверинг, аммо режангиз пучга чиқади, Сўз бераверинг, аммо амалга ошмайди, Чунки Худо биз биландир!

[11] Эгам қудрати билан мени Ўзига жалб қилиб, шундай кўрсатма берди: — Бу халқнинг йўлидан борманглар.

[12] Бу халқ исён деб айтадиган ҳамма нарсани сизлар исён деб билманглар. Уларни қўрқувга соладиган нарсалардан сизлар қўрқманглар, ваҳимага тушманглар.

[13] Сизлар Мен, Сарвари Оламни муқаддас деб иззат қилинглар. Фақат Мендан қўрқинг, фақатгина Мен сизни ваҳимага солай.

[14] Ўшанда Мен Ўзим сизларга паноҳ бўламан. Аммо Исроилнинг иккала хонадони учун Мен қоқилтирадиган тош, тўсқинлик қиладиган қоя, Қуддус аҳолиси учун тузоқ ва тўр бўламан.

[15] Улардан кўплари қоқилади, йиқилиб, бурда–бурда бўлади. Улар тузоққа тушиб, асир бўлади.

[16] Эй шогирдларим, Эгам менга берган бу сўзларни авайлаб асранг.

[17] Сарвари Олам Сион тоғида маскан қилган. У Ёқуб наслидан юзини яширяпти, аммо мен Уни кутаман, умидим Ундадир. Мана, қаранг, Эгам берган фарзандларим билан бирга мен шу ердаман! Исроилда биз белги ва аломатмиз.

[19] Халқлар сизларга: “Арвоҳ чақирувчиларга боринглар, ғалати товуш чиқариб, тушунарсиз сўзларни пичирлаб айтадиган фолбинларга маслаҳат солинглар”, деб айтсалар, сизлар ўз Худойингизга бормайсизми?! Ахир, тириклар ўликлардан насиҳат излаб борадими?!

[20] Арвоҳ чақирувчиларга боришни маслаҳат берганларга рўшнолик бўлмайди. Сизлар уларга эмас, Худонинг йўл–йўриқлари ва таълимотига маслаҳат солинг.

[21] Сизларни нотўғри йўлга бошлаган ўша халқлар бу юрт бўйлаб ўтади, улар оч, изтиробда. Оч қолиб, ғазабланиб, шоҳини ва худоларини лаънатлайди. Юқорига қарайди,

[22] ерга қарайди. Ана, кулфат ва зулмат, ғам ва офат. Улар йўқ бўлиб кетади.

Ишаё пайғамбарнинг китоби — Chapters