Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:53

[1] Ваҳий водийси ҳақида башорат: Эй Қуддус аҳли, нима қиляпсиз?! Нега томларга чиқиб, шод–хуррам бўляпсиз?!

[2] Нима учун бутун шаҳар қувонч садоларига тўла?! Орангизда ўлганлар урушда нобуд бўлмади, Шуни унутдингизми?!

[3] Йўлбошчиларингиз жанг майдонидан қочди, Шуни эсдан чиқардингизми?! Узоққа қочган бўлса–да, Уларнинг ҳаммаси душман қўлига тушди, Жангсиз, ўқсиз душманга таслим бўлди.

[4] Шунда мен дедим: “Ёлғиз қолдиринг мени, Аччиқ–аччиқ йиғлайин. Тасалли беришга уринманг менга, Ахир, учради халқим қирғинга!”

[5] Зотан, Сарвари Олам — Раббий бир кунни белгилади, У куни Ваҳий водийсида қий–чув бўлади, Зулм ва саросима ҳукм суради. Деворлар қулаётир, Одамлар тоғларга қараб фарёд қилаётир.

[6] Элам лашкари ўқдонларини тайёрлади, Жанг аравалари, отлиқлари билан келди, Хир лашкари қалқонларини қўлга олди.

[7] Мана, гўзал водийларингиз жанг аравалари билан тўлди, Отлиқлар шаҳар дарвозалари олдига йиғилди.

[8] Эвоҳ, Яҳудо ҳимоясиз қолди! Ўша куни сизлар “Лубнон ўрмони” деган уйдаги қуролларга ишондингиз.

[9] Довуд қалъаси деворларининг ёриқлари жуда кўп. Буни кўриб сизлар Қуйи ҳовуздан сув тўпладингиз.

[10] Қуддусдаги уйларни санаб чиқдингиз. Шаҳар деворларини мустаҳкамлаш учун уйларни буздингиз.

[11] Эски ҳовуз сувларини тўплаш учун икки девор ўртасида сардоба қурдингиз. Аммо буни илгаридан режа қилган Худони ёдга олмадингиз. Амалга оширадиган Худони хаёлингизга ҳам келтирмадингиз.

[12] Ўша куни Сарвари Олам — Раббий: “Йиғланг, аза тутинг”, деб айтди. “Сочларингизни қириб, қанорга ўранинг”, деди У.

[13] Аммо буни қаранг! Шодлигу кайфу сафо! “Эрта–индин ўлиб кетамиз, Келинглар, еб–ичиб қолайлик”, деб Сизлар буқа, қўйлар сўйдингиз, Гўшт еб, майхўрлик қилдингиз.

[14] Шунда Сарвари Оламнинг Ўзи менга шундай деди: “Бу гуноҳларингиз кечирилмас ўлгунингизгача.” Ҳа, буни Сарвари Олам — Раббий айтмоқда.

[15] Сарвари Олам — Раббий шундай демоқда: “Қани, шоҳнинг ўнг қўл вазири, сарой аъёни Шавнанинг олдига бориб, шундай деб айт:

[16] «Бу ерда нима ишинг бор?! Бу ерда сенинг киминг борки, ўзингга қабр қазибсан?! Юксакда ўзингга қабр қазибсан, қояда ўзингга маскан қилибсан?!

[17] Мана, Мен, Эганг, сени улоқтираман. Эй кучли инсон! Мен сени чирпирак қилиб шиддат билан улоқтираман.

[18] Мен сени айлантириб–айлантириб, тўп каби, кенг бир юртга учириб юбораман. Сен ўша юртда ўлиб кетасан. Улуғвор жанг араваларинг ўша ерда қолиб кетади. Хўжайининг хонадонига сен шармандалик келтирасан!

[19] Мен сени ўз жойингдан қўзғатаман. Сен ўз лавозимингдан олинасан.

[20] Ўша куни Хилқиёнинг ўғли қулим Элияқимни чақираман.

[21] Сенинг либосларингни унга кийдираман. Камарингни унга боғлаб, сенинг бутун ҳукмронлигингни унга бераман. У Қуддус аҳолисига, Яҳудо халқига ота бўлади.

[22] Довуд хонадонининг калитини унга бераман. У очганда, ҳеч ким беркитолмайди. У беркитганда, ҳеч ким очолмайди.

[23] Мен уни деворга мустаҳкам қоқилган қозиқдай қиламан, у ўз уруғига шуҳрату шараф келтиради.

[24] Ҳамма уруғ–аймоқларини қўллаб–қувватлайди, уларнинг оғирини енгил қилади. Улар қозиққа осилган идишлар каби Элияқимга осилиб олади.

[25] Аммо бир кун келиб, мустаҳкам қоқилган бу қозиқ жойидан чиқиб, ерга тушади, — демоқда Сарвари Олам. — Унга осилган юк чилпарчин бўлади.»” Эгамиз шундай деб айтди.

Ишаё пайғамбарнинг китоби — Chapters