[1] Оссурия шоҳи Саргон ўз лашкарбошисини Ашдод шаҳрига юборди. Лашкарбоши келиб, Ашдодни қўлга олди.
[2] Ўша пайтда Омиз ўғли Ишаёга Эгамиз шундай деди: — Қани, эгнингдаги қанорни еч, оёқларингдаги чориқларингни еч. Ишаё айтилганларни қилди. У яланғоч, ялангоёқ юрадиган бўлди.
[3] Шунда Эгамиз деди: — Қулим Ишаё уч йил яланғоч, ялангоёқ юргани Миср ва Ҳабашистон қисматини билдирувчи белги ва аломатдир.
[4] Оссурия шоҳи Миср асирларини, Ҳабашистон тутқунларини, ёшу қарисини яланғоч, ялангоёқ, уятли жойлари очиқ ҳолда ҳайдаб кетади. Миср шарманда бўлади.
[5] Ҳабашистонга умид боғлаган, Мисрдан фахрланган халқ иснодга қолади.
[6] Ўша куни қирғоқдаги юртнинг аҳолиси шундай деб айтади: “Биз ишонган одамларнинг аҳволини кўриб қўйинг. Улар бизга ёрдам бериб, Оссурия шоҳининг қўлидан қутқаради, деб юрардик. Энди қандай қутулар эканмиз?!”