[1] Эй элатлар, яқинроқ келинг, қулоқ солинг! Эй халқлар, диққат қилинг! Эшитинг, эй замин, заминдаги бор жонзот! Оламу унинг маҳсули, эшитинг!
[2] Ҳа, Эгамиз бутун элатлардан ғазабда, Уларнинг лашкарларига қаҳри келди. Эгамиз уларни тамомила қириб ташлайди. Уларни бўғизлашга ҳукм этган.
[3] Мурдалари кўмилмай қолиб кетади, Жасадларидан қўланса ҳид анқийди, Уларнинг қони қирларда дарё бўлиб оқади.
[4] Самодаги ҳамма юлдузлар чириб кетади, Осмон ўрама қоғоздай эшилиб кетади. Токдан қуриб тушган барглар сингари, Дарахтидан тўкилган анжир сингари, Самовий жисмлар тўкилиб кетади.
[5] Эгам айтар: “Ҳа, самоларда Менинг қиличим пайдо бўлди. Мана, у Эдомга, Мен ҳалокатга ҳукм қилган халқнинг бошига тушади.”
[6] Эгамизнинг қиличи қонга булғанган. Қўзилар, эчкилар ёғига, қонига, Қўчқор буйрагининг ёғига тўйган. Ҳа, Бозрах шаҳрида Эгамизга қурбонлик бор, Эдом юртида катта қирғин бошланади.
[7] Ёввойи буқалар, новвослар, катта ҳўкизлар ҳам Улар билан бирга қирилиб кетади. Уларнинг ери қон билан суғорилади, Тупроғи ёғни шимиб олади.
[8] Ҳа, бу кун Эгамизнинг қасос кунидир. Қуддус учун Эгамиз қасос оладиган йилдир бу.
[9] Эдом ирмоқлари қатронга айланади, Тупроғи олтингугуртга айланади, Бутун юрт эса аланга ичида қолади.
[10] Аланга кечаю кундуз ўчмайди, Тутун абадий кўтарилаверади. Бу юрт авлодлар оша Вайрона бўлиб қолаверади. Ҳеч ким уни то абад босиб ўтмайди.
[11] У ер бойқушлару кирпиларнинг мулки бўлади, Уккию қарғалар у ерда макон қилади. Ҳа, Эгамиз бу юртни ўлчаб, Вайронаю харобага лойиқ топди.
[12] Бу юртда аслзодалар йўқ энди, У ердан бирорта шоҳ чиқмайди, Барча шаҳзодалари йўқ бўлиб кетади.
[13] Қалъаларида тиканлар ўсади, Саройларида янтоқлар, қушқўнмас буталар битади. У ер чиябўриларга маскан бўлади, Туяқушларнинг бошпанаси бўлади.
[14] Ёввойи мушуклару сиртлонлар Бир–бирига дуч келади, Ёввойи эчкилар бир–бирини чақириб маърайди, У ерда тун шарпалари дам олади, Ўша ер уларга оромгоҳ бўлади.
[15] Илонлар у ерда ин қуриб, тухум қўяди, Соя жойларда болаларини йиғади. Қузғунлар у ерда жуфтланиб тўпланади.
[16] Мана, Эгамизнинг китобидан топиб, ўқинг: Ҳайвонлару қушлардан биронтаси йўқ бўлмайди, Уларнинг ҳаммаси жуфт–жуфт бўлади, Эгамизнинг Ўзи шундай амр этган, Унинг Руҳи ҳаммасини тўплади.
[17] Эгамиз қуръа ташлаб, ҳар бирининг улушини берди, Арқон билан ўлчаб, юртни уларга бўлиб берди. Бу юрт то абад уларнинг мулки бўлади, Авлодлар оша улар бу ерда яшайди.