[1] Уйғон, уйғон, эй Қуддус, Куч–қудратга тўлгин. Ажойиб кийимларингни кийгин, Эй Сион, муқаддас шаҳар! Мана энди суннатсизлар, нопоклар Дарвозаларингдан ичкари кирмайди!
[2] Қани, тур, тупроқни қоқиб ташла! Эй Қуддус, ўз тахтингга ўтир! Бўйнингдаги занжирни узиб ташла, Эй асира қиз Сион!
[3] Мана Эгамиз шундай демоқда: “Сизлар бепул сотилган эдингиз, энди пулсиз қутқариласиз.”
[4] Ҳа, Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Олдин халқим Мисрга борди. У ерда мусофир бўлди. Кейин Оссурияликлар сабабсиз уларга зулм ўтказди.
[5] Бу нимаси? — демоқда Эгамиз. — Халқим беҳудага босиб олинди. Ҳукмдорлари фарёд қилмоқда, — демоқда Эгамиз. — Менинг номим доимо, кун бўйи ҳақорат қилинмоқда.
[6] Шу боис халқим номимни билиб олади. Ҳа, Мен гапираётганимни ўша куни улар билиб олади. Мана, Мен Ўшаман.”
[7] Тоғлар оша тинчликни эълон қилган Хабарчининг қадамлари нақадар гўзал! У хушхабар олиб келмоқда, У нажотни эълон қилмоқда, У Қуддусга: “Худойинг ҳукмрондир”, демоқда.
[8] Қулоқ солинг! Соқчиларингиз овозини кўтармоқда, Биргаликда улар шодликдан куйламоқда! Ахир, Эгамизнинг Қуддусга қайтиб келишини Улар ўз кўзлари билан кўради.
[9] Эй Қуддус вайроналари! Биргаликда севинч ила ҳайқиринг. Эгамиз Ўз халқига тасалли берди, Қуддусни қутқариб, Ўзига олди!
[10] Ҳамма халқларнинг кўз ўнгида Эгамиз муқаддас қўлини кўрсатди. Худойимизнинг нажотини Ернинг тўрт бурчи кўради.
[11] Кетинг, у ердан чиқиб кетинг! Ҳаром бўлганларга тегиб кетманг! Эй Эгамизнинг муқаддас ашёларини кўтарадиганлар, У ердан чиқинглар, покланинглар!
[12] Мана, сиз шошилмай йўлга чиқасиз, Қочишингизга асло ҳожат қолмайди. Ахир, Эгамиз олдингизда бормоқда, Исроил халқининг Худоси ортингиздан Сизни қўриқламоқда.
[13] Эгам айтар: “Мана, Менинг қулим яшнайди, У кўтарилиб, юксалади, Ғоят баландга кўтарилади.
[14] Илгари унинг қиёфаси шундай бадбашара эдики, Инсон зотига ўхшаш жойи қолмаган эди. Шу боис кўплар унинг олдида даҳшатга тушди,
[15] Энди эса у кўп халқларни ҳайратда қолдиради, Уни деб шоҳлар ҳам лол бўлиб қолади. Ахир, улар билмаган нарсаларни кўрадилар, Эшитмаганларини англаб етадилар.”