[1] Сарвари Олам — Раббий энди Қуддус ва Яҳудо халқига ҳар турли таъминот ҳамда мадад бермай қўяди. Уларни нон ва сувдан бебаҳра қиляпти.
[2] Жангчилар ва аскарлардан, ҳакамлар ва пайғамбарлардан, фолбинлар ва оқсоқоллардан маҳрум қиляпти.
[3] Элликбоши ва амалдорлардан, маслаҳатчилардан, моҳир усталар ва “доно” афсунгарлардан жудо қиляпти.
[4] Эгам айтар: “Болалар ҳукмрон бўлар бу халқ устидан, Ақлсизлар ҳукмронлик қилар улар тепасидан.”
[5] Халқ бир–бирига зулм қилади, Ҳар ким дўстига душман бўлади. Ҳақорат қилар ёш йигит оқсоқолни, Шарманда одам эса обрўли одамни.
[6] Одамлар ўз яқинини ушлаб олиб, Ўша қариндошига шундай дейдилар: “Устингда кийиминг бор экан, Бизга бош бўла қол. Мана бу вайроналар уюми Сенинг қўл остингда бўлади.”
[7] У эса ўша куни қасам ичиб айтар: “Ахир, мен шифо бера олмайман, Мени қилманг халққа бошлиқ, Уйимда бор на нон, на кийим.”
[8] Ҳа, Қуддус ҳам, Яҳудо ҳам қулади. Халқининг тиллари, ишлари Эгамизга қаршидир. Эгамнинг шуҳратини улар ерга булғади.
[9] Юзлари гувоҳлик бериб турар, Улар Садўм каби гуноҳларини ошкор қилар. Ҳа, гуноҳларини улар яширмас. Эҳ, ўзлари бошларига келтирар кулфат! Уларнинг ҳолига вой!
[10] Солиҳларга эса яхшилик кўрасан, деб айтинг, Улар ўз ишларининг самарасидан лаззат топади.
[11] Аммо фосиқларнинг ҳолига вой! Бошларида кулфат, Ахир, қилмишларига яраша қайтади ўзларига.
[12] Ёш болалар эзади халқимни, Аёллар ҳукмронлик қилади улар устидан. Эй халқим, йўлбошчиларинг сени чалкаштиради, Сўқмоқларингдан сени адаштиради.
[13] Эгамиз Ўз даъвосини исбот қилмоққа киришаётир, Ҳа, халқларни ҳукм қилмоққа У қўзғалаётир.
[14] Ўз тахтига ўтириб Эгамиз Ўз халқининг оқсоқолларию Шаҳзодалари билан ҳукмга киришар: “Сизлар Менинг узумзоримни хароб қилгансиз. Камбағалдан олган ўлжа билан тўла уйингиз.
[15] Нимаси бу?! Халқимни эзаверасиз! Камбағални исканжага олаверасиз!” Сарвари Олам — Раббийнинг сўзидир бу.
[16] Эгам айтар: “Мағрурдир Қуддус аёллари, Бўйинларини ликиллатиб, кўзларини сузиб юрар, Майда қадам ташлаб юриб, Тўпиғидаги ҳалқаларни жиринглатар.”
[17] Шу боис Раббий яра қилар Қуддус аёлларининг бошларини, Шарманда қилар очиб уятли жойларини.
[18] Ўша куни Раббий тортиб олар уларнинг Гўзаллиги — тўпиғидаги безакларини, Тиллақошларию зеб–зийнатларини,
[19] Сирғалари, билагузук ва ҳарир рўмолларини, Тортиб олар бошидаги тожини, Билагузук, маржон, хушбўй мой, туморларини,
[20] Муҳр узукларини, бурундаги сирғаларини,
[21] Тортиб олар шоҳона либосини, Нафис кўйлаклари, нимчалари, кармонларини,
[22] Кўзгулари, зиғир либосларини, Тиллақошларию ҳарир рўмолларини.
[23] Хушбўй ҳид ўрнига улардан сассиқ ҳид келади, Камарлар ўрнига арқон боғлаб юради, Турмакланган соч ўрнига кал бош бўлади, Башанг кийим ўрнига қанор кияди, Ҳа, гўзаллик ўрнига асирлик тамғаси бўлади.
[24] Мана, йигитлари қиличдан йиқилиб қолади, Ботир эркаклари жангда қирилиб кетади.
[25] Қуддус дарвозалари йиғлаб, аза тутади. Сион бўм–бўш бўлиб, ерда ўтирибди.