Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:24

[1] Эй улуғворлик тожи бўлган шаҳар! Ҳолингга вой! Сен Эфрайимдаги маст–аластларнинг улуғворлиги эдинг! Эҳ, ажойиб, гўзал шаҳар эдинг! Шуҳратинг гулдай сўлмоқда! Серҳосил водийдаги унумдор шаҳар эдинг. Тубанлашдинг шаробдан!

[2] Мана, Раббийнинг кучли бир баҳодири бор. У селга, вайрон келтирадиган қуюнга ўхшайди. Ювиб кетадиган, тошқин жалаларга ўхшайди. Ўз қўллари билан у Эфрайимни яксон қилади.

[3] Эҳ, Эфрайимдаги маст–аластларнинг улуғворлик тожи! Ана энди оёқ остида топталади!

[4] Серҳосил водийдаги унумдор шаҳар эди! Энди уларнинг шуҳрати гуллар каби сўнади. Улар илк пишган анжирларга ўхшайди, Пишган заҳоти юлиниб, ютиб юборилади.

[5] Ўша куни Сарвари Олам Ўзининг халқидан қолганлари учун Шуҳрат тожию ажойиб гулчамбар бўлади.

[6] Ҳукм курсисида ўтирганларга У адолат руҳини беради. Дарвозадан душманга зарба берадиганга У жасорат манбаи бўлади.

[7] Руҳоний, пайғамбарлар шароб туфайли, Ўткир ичимликлардан гандираклаб юради. Ҳа, шароб, бўзалардан уларнинг боши айланади, Май дастидан улар йўлларидан адашади, Ўткир ичимликдан гандираклаб юради. Улар ваҳий кўрганларида хато қилади, Қиладиган ҳукмларида адашади.

[8] Уларнинг дастурхони қусуққа тўла, Бирорта ҳам тоза жой йўқ.

[9] Улар менга таъна қилиб айтади: “Сен кимга таълим бераётганингни биласанми ўзи?! Бизни энди кўкракдан ажратилган гўдак деб ўйлаяпсанми?!

[10] Қачон қарама, бидир–бидир қиласан, Гўдакдай гувранасан.”

[11] Шундай экан, Худо уларга, Ўзга тилда, тушунарсиз шевада гапиради.

[12] Худо уларга қаерда ором топишларини айтган, Тинчликка қандай эришиш кераклигини ўргатган, Аммо улар қулоқ солишни истамадилар.

[13] Шу сабабдан Эгамизнинг сўзи Улар учун мазмунсиз сўзлардай бўлади. Гўдакнинг гувранишидай эшитилади. Улар юрмоқчи бўлганларида Орқага йиқилиб, яраланадилар, Тузоққа тушиб, олиб кетиладилар.

[14] Шу боис Эгамдан келган бу хабарни эшитинг, Эй Қуддусдаги масхарабоз ҳукмдорлар!

[15] Сизлар шундай дедингиз: “Биз Ўлим билан аҳд қилганмиз, Ўликлар диёри ила битим тузганмиз. Даҳшатли офат келиб бошимизга тушмайди. Ахир, ёлғонни паноҳ қилиб олганмиз, Сохталикни чодир қилиб олганмиз.”

[16] Шу боис Эгамиз Раббий айтмоқда: “Мана, Мен жойлаштиряпман Қуддусда Синалган бир тошни, пойдевор тошини. Бу қадрли тамал тоши ишончли пойдевордир. Ҳа, унга таянган ҳеч бир инсон умидсиз бўлмайди.

[17] Мен адолат билан ҳукм қиламан, Тўғрилик ўлчовим бўлади. Сохта паноҳингизни дўл ювиб кетади, Чодирингизни селлар ювиб кетади.

[18] Ўлим билан тузган аҳдингиз бекор бўлади, Ўликлар диёри ила қилган битимингиз барбод бўлади. Даҳшатли офат юртдан ўтаётганда, Сизлар ер билан яксон бўласиз.

[19] Ҳа, ҳар тонгда, туну кун Ўша тўфон сизни ювиб кетади.” Эшитганингизни англаб етганингизда, Бу хабар ғоят катта хавфдан дарак беради:

[20] Ётгани тўшагингиз калталик қилади, Ёпингани кўрпангиз энсизлик қилади.

[21] Перазим тоғидагидай Ўз ишимни қилай, деб Эгам қўзғалади. Гивон водийсидагидай У ғазабга минади. Ҳа, У Ўзининг ажойиб ишини қилади. Унинг ишлари ҳайратда қолдиради.

[22] Масхаралашни бас қилинг энди, Бўлмаса занжирларингиз яна оғирлашади. Сарвари Олам — Раббий менга: “Бутун юртни вайрон қиламан”, деб айтди.

[23] Тингланг, овозимга қулоқ солинг, Диққат қилинг, гапларимни эшитинг!

[24] Деҳқонлар экиш учун ерга ишлов бераверадими?! Тупроқ ковлайверади–ю, ҳеч қачон экмайдими?!

[25] Йўқ, улар ерни текислайди, Кейин укроп, зира уруғини сепади. Белгиланган жойларига Ҳар турли буғдой, арпа уруғини экади.

[26] Ҳа, деҳқонлар нима қилишни билади, Худо уларга ақл–идрок берган!

[27] Ахир, укропни болға билан янчмайди, Зирани арава ғилдираги билан эзмайди. Мана, укропни калтак билан янчиб олади, Зирани таёқ билан эзиб олади.

[28] Буғдойдан ун қилинади, Аммо у то абад янчилмайди. Арава ғилдираги буғдой устидан Чанг бўлгунча юргизилмайди.

[29] Бу донолик келар Сарвари Оламдан, Унинг маслаҳатлари ажойиб, донолиги буюкдир.

Ишаё пайғамбарнинг китоби — Chapters