Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:21

[1] Эй Эгам, қанийди самоларни ёриб, пастга тушсанг, Тоғлар олдингда титраса!

[2] Аланга ўтинни ёндириб, сувни қайнатгандай, Сен ҳам пастга тушиб, халқларни титрат. Токи ғанимларинг номингни билсин.

[3] Биз кутмаган ажойиб ишлар қилдинг! Пастга тушдинг, олдингда тоғлар титради!

[4] Ахир, Сенга умид боғлаганларни деб, Ажойиб иш қиладиган Худо Сенсан. Сенга ўхшаган худо ҳақида Азалдан ҳеч ким эшитмаган, Ҳеч бир қулоққа ҳам кирмаган. Сенга ўхшаган худони ҳеч бир кўз кўрмаган.

[5] Қувонч билан тўғри йўлдан юрганларга, Сенинг амрларингни бажарганларга Сен пешвоз чиқасан. Мана, Сен ғазабдасан, Биз эса гуноҳ қилдик. Биз азалдан гуноҳга ботганмиз, Энди нажот топа оламизми?

[6] Ҳаммамиз ҳаром бўлиб қолдик, Яхши ишларимизнинг ҳаммаси ҳайз латталари кабидир. Япроқлар каби сўлиб боряпмиз, Айбларимиз шамол каби, бизни учириб кетяпти.

[7] Ҳеч ким Сенга сажда қилмайди, Ҳеч ким, Эгамга ўзимни боғлай, демайди. Ахир, Сен биздан юз ўгирдинг, Бизни ўз гуноҳларимиз измига топширдинг!

[8] Аммо энди Сен бизнинг отамизсан, эй Эгамиз! Биз лоймиз, Сен эса кулолсан, Ҳаммамиз қўлларингнинг ижодимиз!

[9] Эй Эгамиз, бизга бунчалик ғазабингни сочаверма, Гуноҳларимизни то абад ёдда тутма. Қара, ахир, ҳаммамиз Сенинг халқингмиз!

[10] Муқаддас шаҳарларинг саҳрога айланди, Қуддус вайрона бўлди, Сион чўлу биёбон бўлиб қолди.

[11] Бизнинг муқаддас Маъбадимиз, фахримиз, Ота–боболаримиз Сенга мадҳлар куйлаган жой Энди ёниб битди. Бизга қадрли бўлганларнинг ҳаммаси Вайронага айланди.

[12] Эй Эгам! Наҳот шунда ҳам Ўзингни тутиб тураверсанг?! Сукут сақлаб, бизни қаттиқ жазолайверсанг?!

Ишаё пайғамбарнинг китоби — Chapters