[1] Миср ҳақида башорат: Ана, Эгам миниб олган учқур булутга, У келади Мисрга. Мисрнинг беҳуда бутлари Унинг олдида титрар, Мисрнинг юраги эса орқага тортар.
[2] “Миср халқини бир–бирига сапчитаман. Ака–укалару дўстлар, Шаҳарлару шоҳликлар Бир–бирига қарши чиқар.
[3] Мисрликлар тушкунликка тушади. Мен уларнинг режаю ниятларини пучга чиқараман. Улар қидириб қолар Беҳуда бутларнию сеҳргарларни, Фолбинлару оталари руҳларини.
[4] Мен Мисрни бераҳм хўжайинларга топшираман, Ҳа, кучли шоҳ уларни бошқаради”, — демоқда Сарвари Олам — Раббий.
[5] Нил суви қуриб қолади, Дарё қуриб бораверади, У жизғанак ер бўлади.
[6] Оқар сувлар бадбўй ҳид чиқаради, Мисрдаги Нил пасайиб, қурийди. Поялару қамишлар чирийди.
[7] Нил қирғоғидаги, дарё бўйидаги қамишлар, Нил бўйига экилган ҳамма экинлар Қуриб кетади, совурилади, Улардан ҳеч нарса қолмайди.
[8] Балиқчилар аза тутар, Нилга қармоқ ташлаганлар йиғлар, Сувга тўр ёйганлар умидсиз бўлар.
[9] Зиғир толасига ишлов берадиганлар Шарманда бўладилар, Оқ мато тўқийдиганлар Уятга қолиб кетадилар.
[10] Уларнинг дастгоҳлари ишдан чиқади, Барча ишчилари тушкунликка тушади.
[11] Эй Зўван шаҳзодалари, ғирт аҳмоқсиз ахир, Эй фиръавн маслаҳатчилари, сизнинг донолигингиз ҳам шундай. Маслаҳатларингиз даф бўлади. Қандай қилиб сиз фиръавнга: “Биз доноларнинг ўғлимиз, Қадим шоҳлар наслиданмиз”, дея айта оласиз?!
[12] Эй фиръавн, қани ўша доно одамларингиз?! Сарвари Олам Мисрга нима режа қилганини Улар сизга билдирсин, айтсин.
[13] Мана, Зўван шаҳзодалари аҳмоқ бўлдилар, Нуф шаҳзодалари алдандилар. Мисрни ўз қабила бошлиқлари йўлдан урдилар,
[14] Уларнинг ақлини Эгам чалкаштирди, Қусуғига думалайдиган маст қандай бўлса, Мисрни улар шундай йўлдан оздирар.
[15] Мисрга ҳеч ким ёрдам бера олмас, На боши, на қуйруғи, на хурмоси, на қамиши.
[16] Ўша куни Миср хотин кишига ўхшаб қолади. Сарвари Олам унга қарши қўлини кўтаради, шунда Миср титраб даҳшатга тушади.
[17] Яҳудо Мисрликларни даҳшатга солади. Сарвари Олам уларни ваҳимага солганини эслаган ҳар бир одам даҳшатга тушади.
[18] Ўша кунга келиб, Мисрдаги бешта шаҳар иброний тилида гапирадиган бўлади. Улар Сарвари Олам олдида онт ичадилар. Бу шаҳарлардан бири “Қуёш шаҳри” деб аталади.
[19] Ўша куни Мисрнинг ўртасида Эгамиз учун бир қурбонгоҳ қурилади, чегарада Эгамизга аталган бир муқаддас тош ўрнатилади.
[20] Булар Сарвари Олам учун Мисрда бир белги ва гувоҳ бўлади. Халқ золимлар дастидан ёлворганда, Эгамиз уларни қутқарадиган бир ҳимоячи юборади. У халқни қутқаради.
[21] Эгамиз Ўзини Мисрликларга зоҳир қилади. Мисрликлар ҳам ўша куни Уни тан оладилар. Эгамизга қурбонликлар келтирадилар, назрлар атаб, сажда қиладилар. Унга ваъда бериб, ваъдаларини адо этадилар.
[22] Эгамиз Мисрликларни хасталик келтириш билан жазолайди, кейин шифо беради. Улар Эгамизга ёлворадилар, Эгамиз уларга шифо беради.
[23] Ўша куни Миср билан Оссурия ўртасида бир йўл бўлади. Оссуриялик Мисрга, Мисрлик Оссурияга бориб келаверади. Оссурияликлар билан Мисрликлар биргаликда сажда қиладилар.
[24] Ўша куни Миср билан Оссурия қаторида Исроил учинчи халқ бўлади. Учалови ер юзига барака бўлади.
[25] Ҳа, Сарвари Олам уларга марҳамат қилиб, шундай деган: “Эй халқим Миср, қўлларимнинг ижоди Оссурия, Ўзимнинг мулким Исроил, барака топинглар!”