Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:25

[1] Эгам айтар: “Худо Бэл тиз чўкди, худо Наво букилди. Уларнинг бутлари молу ҳайвонга юк бўлди. Олдин кўтариб юрганларингиз Энди толиққанга юк бўлди.

[2] Улар эгилди, бирга тиз чўкди, Улар энди юкни қутқара олмайди, Ўзлари эса асир бўлиб кетади.

[3] Эй Ёқуб насли! Менга қулоқ солинг! Эй Исроил наслининг омон қолганлари! Эй халқим! Туғилганингдан бери сени онадай кўтариб юрдим, Ҳа, дунёга келмасингдан олдин Мен таянчинг бўлдим.

[4] Кексайгунингча ҳам Мен Ўшаман, Сочинг оқарганда ҳам сени кўтариб юраман. Мен сени яратганман, Ўзим сени кўтараман. Ўзим сени кўтариб, қутқараман.

[5] Мени кимга ўхшатасан?! Кимга тенглаштирасан?! Мени кимга таққослайсан?! Нима, Мен ўшалар билан тенг бўлиб қолдимми?!

[6] Мана, одамлар ҳамёндан тилла чиқарадилар. Кумушни тарозиларда тортадилар. Уста ёллаб, худо ясаттирадилар. Улар ўша худосига таъзим қиладилар. Ҳа, унга сажда қиладилар.

[7] Ўша худосини опичлаб олиб кетадилар, Уни жойига ўрнатиб, турғизиб қўядилар. У жойидан қимирламай тураверади. Кимдир унга ёлворганда, жавоб бермайди, Машаққатидан халос қила олмайди.

[8] Буни ёдда тутинг, маҳкам бўлинг! Эй исёнкорлар, буни эсга олиб туринг!

[9] Азалдан бўлганларни ёдда тутинг! Ахир, Мен Худоман, бошқаси йўқ! Мен Худоман, Менга ўхшагани йўқ!

[10] Охирида нима бўлишини бошидаёқ айтаман. Содир бўлмаганларни олдиндан билдираман. «Ниятларим бажо бўлади, Барча истакларимни ижро этаман», деб айтмоқдаман.

[11] Шарқдан йиртқич қушни чақиряпман. Ҳа, хоҳишимни бажарадиганни Узоқ юртдан чақиряпман. Мен Ўз айтганимни бажо қиламан! Ҳа, ўйлаганимни амалга ошираман!

[12] Менга қулоқ солинг, эй ўжарлар! Ғалаба узоқ, деб ўйлаганлар!

[13] Мана, Мен ғалаба келтираман, у узоқда эмас. Кечиктирмай нажот бераман. Ҳа, Қуддусга нажот ато қиламан, Исроилга Ўз улуғворлигимни бераман.”

Ишаё пайғамбарнинг китоби — Chapters