[1] Эгам айтар: “Мени сўрамаганларга кўриндим, Мени изламаганлар топди. Менга илтижо қилмаган бир халққа: «Мана Мен! Шу ердаман!» деб айтдим.
[2] Итоатсиз халқни Кун бўйи қучоқ очиб кутдим. Ана, улар ўзлари хоҳлаган, Тўғри бўлмаган йўллардан юради.
[3] Улар юзимга қараб туриб, Жаҳлимни чиқаради. Саждагоҳ боғларда тўхтовсиз қурбонликлар келтиради, Ғишт қурбонгоҳларда тутатқилар тутатади.
[4] Улар қабрлар орасида ўтириб, Яширин жойларда арвоҳларга маслаҳат солади. Улар чўчқа гўштини ейди, Қозонларида ҳаром гўшт қайнатади.
[5] Улар бошқаларга шундай дейди: «Нарироқ тур, менга тегма, Яна муқаддаслигим юқиб қолмасин.» Буларнинг ҳаммаси кун бўйи ёниб турган олов кабидир. Уларнинг тутуни бурнимни ачитади.
[6] Мана, ҳаммаси кўз ўнгимда ёзиб қўйилган. Мен жим турмайман, уларни жазолайман. Қилмишларига яраша уларга тўлиқ қайтараман.
[7] Уларни ўзларининг гуноҳлари учун Ҳамда оталарининг гуноҳлари учун жазолайман, — демоқда Эгамиз. — Ахир, улар тоғларда тутатқилар тутатдилар, Тепаликларда Мени ҳақорат қилдилар. Шу боис қилмишларига яраша Уларга жазосини бераман.”
[8] Эгамиз шундай айтмоқда: “Агар бир бош узумда ҳали шарбати бор бўлса, Одамлар: «Уни ташлаб юборманг, Ҳали фойдаси тегади», деб айтади. Мен ҳам Ўз қулларим ҳақи шундай қиламан, Ўз халқимнинг ҳаммасини йўқ қилмайман.
[9] Тоғларимни мулк қилиб олсин деб, Исроил ва Яҳудо халқига авлод бераман. Танлаган халқим тоғларимга эгалик қилади, Менинг қулларим у ерда яшайди.
[10] Шарон текислиги қўйлар сурувлари учун яйлов бўлади, Охор сойлиги мол–қўйлар учун ўтлоқ бўлади. Ҳа, бу ерлар Менга интилганларники бўлади.
[11] Аммо баъзиларингиз Мен, Эгангизни тарк этдингиз, Муқаддас тоғимни унутдингиз! «Омад» бути учун дастурхон ёздингиз, «Қисмат» бути учун қадаҳларга шароб қуйдингиз!
[12] Шундайларни Мен қиличнинг дамига рўпара қиламан. Ҳаммангиз тиз чўкасиз, бўғизланасиз. Ахир, Мен чақирганимда жавоб бермадингиз, Гапирганимда қулоқ солмадингиз. Менинг олдимда қабиҳликлар қилдингиз, Мен хоҳламаган нарсаларни танладингиз.”
[13] Шу боис Эгамиз Раббий айтмоқда: “Менинг қулларим ейди, сизлар эса оч қоласиз, Қулларим ичади, сизлар ташналикдан азоб чекасиз, Қулларим шод–хуррам бўлади, Сизлар эса шармандаю шармисор бўласиз.
[14] Қулларимнинг қалби шодликка тўлади, Улар қўшиқлар куйлайди. Сизлар эса юрагингиздаги қайғудан дод–вой қиласиз, Эзилган руҳингиз туфайли увиллаб йиғлайсиз.
[15] Мен, Эгангиз Раббий, сизларни ўлдираман, Сизнинг номингиз танланган халқим орасида Лаънат сифатида ишлатилади. Ўз қулларимга эса бошқа ном бераман.
[16] Ким ўзига бу юртда барака тиласа, Мен, содиқ Худонинг номи билан дуо қилади. Юртда ким онт ичадиган бўлса, Менинг номим билан онт ичади. Олдинги қайғулар унутилади, Қайғу кўз олдимдан йўқотилади.
[17] Мана, қаранг! Янги осмон, янги ер яратяпман. Илгари бўлганлар энди эсланмайди, Улар ҳеч қачон ёдга олинмайди.
[18] Яратаётган ишларим туфайли То абад шодланинг, хурсанд бўлинг. Мен Қуддусни шодлик қилиб, Халқини қувонч қилиб яратяпман.
[19] Мен Қуддус туфайли севинаман, Халқим Менга қувонч келтиради. Энди Қуддусда ҳеч қачон Йиғи, фарёд товуши эшитилмайди.
[20] У ерда энди гўдаклар ўлмайди, Бирор қария ёшини яшамай ўтмайди. Биронтаси юз ёшга кириб оламдан ўтса, У ҳақда: «Эвоҳ, ёш кетди», деб айтадилар. Юзга етмай ўлганни лаънати деб биладилар.
[21] Халқим уйлар қуриб, ўзлари ўша ерда яшайди, Токзорлар ўтқазиб, ҳосилини ўзлари ейди.
[22] Энди улар қурган уйларда бошқалар яшамайди, Эккан дарахтларининг ҳосили бошқаларга насиб бўлмайди. Халқимнинг умри чинор умридай узоқ бўлади, Танлаган халқим ўз қўлларининг маҳсулидан узоқ вақт баҳраманд бўлади.
[23] Уларнинг меҳнати беҳуда кетмайди, Насллари бахтсизликка мубтало бўлмайди. Улар Мен, Эгасидан барака топган халқдир, Уларнинг авлодига ҳам Мен барака бераман.
[24] Менга ёлвормасларидан ҳам олдин Халқимга жавоб бераман. Гапираётган пайтининг ўзидаёқ Уларга қулоқ тутаман.
[25] Бўри билан қўзичоқ бирга ўтлаб юради, Шер ҳам ҳўкиз каби сомон ейди, Илон эса тупроқ ялайди. Муқаддас тоғимнинг бирон ерида Ҳеч бир ёвузлигу ёмонлик қилинмайди.” Эгамизнинг каломи шудир.