Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:33

[1] Аюб жавоб бериб, шундай деди:

[2] “Ҳа, биламан, айтганларингнинг ҳаммаси тўғри, Лекин қандай қилиб инсон Худонинг назарида ҳақ бўла олади?

[3] Агар бирор инсон Худо билан баҳсга киришса, У Худонинг мингта саволидан биттасига ҳам жавоб бера олмасди.

[4] Ҳа, Худо доно ва қудратлидир, Ким Худога қарши чиқиб, Ундан устун бўлган?!

[5] Худо огоҳлантирмай тоғларни ағдаради, Ғазаб алангасида уларни йиқитади.

[6] Ерни жойидан қўзғатиб, силкитади, Замин устунларини титратади.

[7] Қуёшга амр берса, у нур сочмайди, Юлдузларнинг нурини ўчиришга қодир Худодир У.

[8] Унинг Ўзи самони ёйган, Денгиз тўлқинларини топтаб юради.

[9] Ҳулкар юлдузини, Катта айиқ буржи ва Парвин юлдузларини, Бутун жанубдаги юлдуз туркумларини яратган Худодир У.

[10] Инсон ақли бовар қилмайдиган буюк ишлар қилади Худо, У қилган мўъжизаларнинг сон–саноғи йўқдир.

[11] У ёнгинамдан ўтиб кетса ҳам, Мен Уни кўра олмайман. Ўз йўлида давом этиб кетаверади, Унинг ўтганини пайқамай қоламан.

[12] У олиб қўяман, деса, ким тўхтата олади?! Ким Ундан: «Нима қиляпсан?» деб сўрай олади?!

[13] Худо Ўз ғазабини тутиб турмайди, Ҳатто махлуқ Раҳоб ёрдамчилари Унинг оёғи остида қалтирайди.

[14] Мен ким бўлибманки, Унга жавоб бера олсам, У билан баҳслашиш учун керакли сўзлар тилимга келса?!

[15] Айбсиз бўлсам ҳам, Унга жавоб бера олмаган бўлардим, Ҳакамдан фақат раҳм–шафқат тилаган бўлардим.

[16] Агар Уни чақирсам, У менга жавоб берса ҳам, Гапларимга қулоқ солишига ишонмайман.

[17] Худо бўрон чақириб, мени эзмоқда, Ҳеч бир сабабсиз яраларимни кўпайтирмоқда.

[18] Нафасимни ростлаб олишга ҳам имкон бермаяпти, Юрагимни қайғуга тўлдиряпти.

[19] Агар куч синалса, албатта У энг кучлиси бўлиб чиқади. Одиллик масаласида эса ким Уни маҳкамага чақириб келади?!

[20] Гуноҳсиз бўлсам ҳам, ўз оғзим мени айбдор деб топади, Айбсиз бўлсам ҳам, ўз оғзим мени эгри деб ҳукм қилади.

[21] Айбсизман, аммо менга барибир, Ўз ҳаётимдан нафратланяпман.

[22] Эҳ, ҳаммаси барибир экан, шунинг учун ҳам: «У айбсизни ҳам, фосиқни ҳам ҳалок қилади», деб айтаман.

[23] Кулфат кутилмаганда одамга ўлим келтирса, Айбсизнинг бошига тушган офатдан Худо кулади.

[24] Бутун ер юзи фосиқлар қўлида, Худо ҳакамларнинг кўзларини боғлаб қўйган. Агар У боғламаган бўлса, Яна ким боғлаган бўлиши мумкин?!

[25] Ҳаётим чопағон кишидан ҳам тезроқ ўтиб кетади. Шунчалик тезки, ҳеч фароғат кўрмай ўтиб кетаман.

[26] Умрим тез сузадиган қайиқлардай кўзга кўринмай кетади, Ўз ўлжасига ташланган бургутдай тездир.

[27] «Энди ҳеч нолимайман, Қайғули чеҳрам ёришсин, Хурсанд бўлай», дегим келади,

[28] Лекин янада кўпроқ келадиган ғам–аламдан қўрқаман. Ахир, Сен мени айбсиз ҳисобламайсан.

[29] Модомики, айбдор эканман, Ҳаракат қилишимдан нима фойда бор?

[30] Қор сувида чўмилиб, Қўлларимни совун билан ювсам–да,

[31] Эй Худо, Сен мени лой чуқурга ташлайсан, Ҳатто кийимларим ҳам мендан нафратланади.

[32] Худо инсон эмаски, мен У билан баҳслашсам, Мен билан даъволашгин деб, Уни чақирсам.

[33] Иккимиз орамизда ҳакам йўқки, Бизни ажрим қилса.

[34] Ҳакам бўлганда, Худонинг таёғини устимдан олиб ташлаган бўларди, Ўшанда Худо мени бошқа даҳшатга солмасди.

[35] Қўрқмасдан Унга гапира олган бўлардим, Лекин ҳозирги аҳволимда ундай қилолмайман.

Аюб пайғамбар китоби — Chapters