Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:08

[1] Аюб шундай деб жавоб берди:

[2] “Сўзларимга яхшилаб қулоқ солинг, Мана шу сизларнинг менга берган тасаллингиз бўлади.

[3] Сабр қилинг, мен ҳам гапирай, Гапириб бўлганимдан кейин, мазах қилаверинг.

[4] Мен инсонларга эмас, Худога арз қиляпман–ку. Шунинг учун сабрим чидамаяпти–да.

[5] Мана, ҳолимга қаранг, довдираб қоласиз, Дамингиз ичингизга тушиб, ҳанг–манг бўласиз.

[6] Бошимга тушган кулфатлар ҳақида ўйласам, ваҳимага тушаман, Танамни қалтироқ босади.

[7] Нима учун фосиқларнинг умрлари узилмай, давом этаверади? Нега улар кекса ёшга етадилар? Нега нуфузи ошиб бораверади?

[8] Фарзандлари ўсиб, ўз ўрнини топганини кўради, Невараларини ҳам кўришга муяссар бўлади.

[9] Уйлари хавф–хатарсиз бўлади, Худонинг таёғи уларнинг бошига тушмайди.

[10] Буқалари ҳеч бир қийинчиликсиз кўпаяверади, Сигирлари болалайди, ҳеч қачон боласи тушиб қолмайди.

[11] Фосиқларнинг болалари қўзиларга ўхшаб сакрайдилар, Фарзандлари ўйнаб–кулиб юраверадилар.

[12] Доира ва лира садосига қўшиқ куйлайдилар, Най садосига ўйин–кулги қиладилар.

[13] Умрлари фаровонликда ўтади, Ўликлар диёрига тинчгина кетадилар.

[14] Худога шундай дейдилар: «Бизни тинч қўй! Сенинг йўлларингни билишни хоҳламаймиз.

[15] Қодир Худо ким бўлибдики, Унга хизмат қилсак, Унга илтижо қилсак, бизга нима фойда тегарди?!»

[16] Аммо фосиқларнинг фаровонлиги ўз қўлининг иши эмас–ку! Фосиқларнинг ўй–хаёлларидан мен жирканаман.

[17] Фосиқларнинг чироғи бирон марта бўлса ҳам ўчдими? Бошига тез–тез кулфат тушиб турибдими? Худо Ўз ғазабида уларга қийноқ беряптими?

[18] Қачон улар шамолда тўзиган хашакдай, Бўрон учириб кетган сомондай бўладилар?

[19] Сен: «Худо инсонларнинг гуноҳлари учун Уларнинг фарзандларини жазолайди», дейсан. Мен эса гуноҳкорларнинг ўзи жазолансин, дейман. Мана шу уларга сабоқ бўлади.

[20] Гуноҳкорлар ўз кўзлари билан ҳалокатларини кўрсинлар. Ўзлари Қодир Худонинг ғазаби шаробини ичсинлар.

[21] Зотан, улар ўлганларидан кейин Оиласига нима бўлишини ўйламайдилар ҳам!

[22] Ким Худога сабоқ бера олади, Ахир, У ҳатто самовий зотларни ҳукм қилади–ку!

[23] Мана, бир одам тўлиқ фаровонликда, Тинч ва хотиржам оламдан кўз юмади.

[24] Унинг бели бақувват, Суяклари иликка тўла.

[25] Иккинчи одам эса руҳи тушкун ҳолда, Ҳеч қачон яхшилик кўрмай ўлиб кетади.

[26] Иккови ҳам тупроқда бирдай ётади, Уларни қуртлар босиб кетади.

[27] Эҳ, дўстларим, ниятларингизни биламан, Мақсадларингиз ҳам менга аён.

[28] Сизлар: «Қани золим амалдорнинг уйи? Фосиқларнинг чодири қаерда?» деб сўрайсизлар.

[29] Кўп жойларга бориб келганлардан сўранглар. Улар айтганларини инкор қила олмайсиз!

[30] Кулфат кунида фосиқлар нажот топишларини, Худонинг ғазаб кунида қутқарилишларини улар айтадилар–ку!

[31] Фосиқларнинг қилмишларини ким уларнинг юзига солади? Қилмишлари учун ким уларни жазолайди?

[32] Жасадлари қабрга олиб борилганда, Қабр бошига соқчи қўйилади.

[33] Сон–саноқсиз одамлар кетларидан бориб, Уларга аза тутади. Ҳатто тупроқ ҳам уларнинг устига секин тушади.

[34] Қандай қилиб мени пуч сўзларингиз билан юпата оласиз? Барча берган жавобларингиз ёлғондир!”

Аюб пайғамбар китоби — Chapters