[1] Руҳим тушган, умрим оз қолган, Қабр мени кутиб турибди.
[2] Мазах қилувчилар атрофимни ўраб олган. Адоватларини ўз кўзларим билан кўриб турибман.
[3] Эй Худо, Ўзинг мени кафилликка олгин. Ахир, яна ким бор мени қўллайдиган?
[4] Сен дўстларимнинг онгини ақл–заковат учун ёпиб қўйгансан, Шунинг учун уларнинг устун бўлишларига йўл бермайсан.
[5] Улар ўз фойдасини кўзлаб, дўстларига хиёнат қиладилар. Шундайларнинг фарзандлари кўр бўлсин.
[6] Худо мени одамлар орасида кулги қилиб қўйди, Улар юзимга тупуришади.
[7] Қайғудан кўзларим хиралашган, Аъзои баданим заифлашиб, қоқ суяк бўлиб қолган.
[8] Ўзини покдил деб билганлар мени кўриб ажабланяптилар, Улар мени иккиюзламачи деб ўйлаяптилар. Ўзини айбсиз деб билганлар мендан ғазабланяптилар.
[9] Аммо шунга қарамай, солиҳ одам ўз йўлида юраверади, Қўли пок бўлган кучайиб кетаверади.
[10] Қани энди сизлар келинглар–чи?! Орангиздан бирорта доно инсонни топа олармиканман?!
[11] Мана кунларим ўтиб кетди, Режаларим ҳам барбод бўлди, Кўнглимдаги орзуларим пучга чиқди.
[12] Дўстларим тунни кун, дейишади, Атрофи қоп–қоронғи, Лекин улар, ёруғлик яқин, деб туриб олишган.
[13] Хўш, агар ўликлар диёри менинг уйим бўлса, Тўшагимни зулматда ёзсам,
[14] Қабрга, сен отамсан, десам, Қурт–қумурсқаларни, онамсиз, опа–сингилларимсиз, десам,
[15] Мен умидли одам бўламанми? Мени, умиди бор, деб ким айтади?!
[16] Наҳотки ўликлар диёрида умид бўлса?! Йўқ, тупроқда ётганимда умид бўлмайди.”