Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:24

[1] Аюб гапида давом этди:

[2] “Қани энди, Худо менга Ғамхўрлик қилган пайтлари қайтиб келса эди.

[3] Ўша пайтларда Худо Ўз чироғи билан йўлимни ёритарди, Унинг нури билан зулматдан ўтар эдим.

[4] Куч–қувватга тўлган кезларимда Худо билан бўлган дўстлигим чодиримни тўлдириб турарди.

[5] Қодир Худо мен билан эди, Фарзандларим ҳам атрофимда юрарди.

[6] Уйимда қаймоқ ошиб–тошиб ётарди, Зайтунзорларимдан мой ариқ бўлиб оқарди.

[7] Шаҳар дарвозаси олдида ўтирганимда, Йўлбошчилар орасидан жой олганимда,

[8] Ёшлар мени кўриб, йўл берарди, Ҳатто кексалар ҳам ўрнидан турарди.

[9] Оқсоқоллар ҳам гапидан тўхтарди, Дами ичига тушиб кетарди.

[10] Бошлиқларнинг ҳам овози тинарди, Тиллари танглайига ёпишиб қоларди.

[11] Гапларимни эшитганлар мени мақтарди, Кўрганлар мен ҳақимда яхши гапирарди,

[12] Ахир, мен нола қилган йўқсилларга ёрдам берардим, Суянчиғи йўқ етимларни четда қолдирмас эдим.

[13] Ўлимдан қутқарилган бу одамлар мени дуо қилардилар, Ёрдамим билан беваларнинг қалбини қувончга тўлдирардим.

[14] Солиҳликка кийим каби ўрангандим, Одилликни саллам ва тўнимдай кийиб юрардим.

[15] Кўрларга кўз бўлдим, Чўлоқларга оёқ бўлдим.

[16] Фақирларга ота бўлдим, Мусофирларнинг арзларини эшитиб, ҳимоя қилдим.

[17] Золимларнинг тишларини синдирдим, Уларнинг оғзидан ўлжасини тортиб олдим.

[18] Мен шундай деб ўйлардим: «Узоқ умр кўриб, ўз уйимда ҳаётдан кўз юмаман.

[19] Ахир, мен илдизлари сувга етган, Шохларида тун бўйи шабнам турадиган дарахтдайман.

[20] Доимо обрўйим баланд бўлаверади, Кучим қайта–қайта янгиланаверади.»

[21] Ҳамма сукут сақлаб, менга қулоқ соларди, Бизга қандай маслаҳат бераркан, деб кутарди.

[22] Менинг сўзларимдан кейин ҳеч ким гап қўшмасди, Сўзларим уларнинг устига шабнамдай оҳиста тушар эди.

[23] Улар ёмғир кутгандай мени кутишарди, Сўзларим баҳор ёмғири сингари уларга сингиб кетарди.

[24] Уларга кулиб қарасам, кўзларига ишонишмасди, Марҳамат қилишимни умид билан кутишарди.

[25] Уларга бош бўлиб, йўл–йўриқ кўрсатардим, Лашкарлари орасидаги шоҳдай яшар эдим, Улар қайғуга тушганларида тасалли берардим.

Аюб пайғамбар китоби — Chapters