Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:38

[1] Ҳа, махлуқ Левитанни ушламоқчи бўлганлар ўзини ўзи алдайди, Унинг кўриниши одамни даҳшатга туширади.

[2] Уни қўзғатишга ҳеч кимнинг юраги дов бермайди. Шундай экан, ким Менга қарши чиқа олади?!

[3] Хўш, кимдан қарзим борки, ҳисобини талаб қилса?! Ахир, фалак остидаги ҳамма нарса Меники–ку!

[4] Мен Левитаннинг қўлу оёқлари, Беқиёс кучи ва ажойиб танаси ҳақида айтиб берай.

[5] Ким унинг терисини шила олади? Зирҳга ўхшаган терисини ким тешиши мумкин?

[6] Унинг оғзини ким очиб кўра олади? Ахир, унинг тишлари қўрқинчли–ку!

[7] Унинг бели қатор тизилган қалқонлардайдир, Улар бир–бирига ёпиштириб маҳкамланган.

[8] Бир–бирига шунчалик яқинки, Ҳатто орасидан ҳаво ҳам ўтолмайди.

[9] Улар бир–бирига ёпишган, Бирга маҳкамланган, ажратиб бўлмайди.

[10] Левитан аксирганда учқун чиқади, Кўзлари тонг нурига ўхшаб чақнайди.

[11] Оғзидан аланга чиқади, Олов учқунлари отилади.

[12] Ёнаётган қамиш устида қайнаётган қозондан буғ чиққандай, Унинг ҳам бурнидан тутун чиқади.

[13] Унинг нафаси кўмирни ёндиради, Оғзидан аланга чиқади.

[14] Бўйни шу қадар бақувватки, Кўрганлар ваҳимага тушади.

[15] Эти қатлам–қатлам бўлиб, бир–бирига ёпишиб кетган, Улар шунчалик қаттиқки, қимирлатиб бўлмайди.

[16] Юраги тошдай қаттиқ, Ҳа, тегирмон тошидай қаттиқ.

[17] Левитан қўзғалганда, кучлилар ҳам қўрқади, Левитан ташланганда, улар ғужанак бўлади.

[18] Унга теккан қилич, найза, ёй ўқию Ханжар ҳеч таъсир қилмайди.

[19] Темир унга сомон кабидир, Бронза эса чириган ёғоч кабидир.

[20] Ёй ўқи уни қочиролмайди, Палахмон тоши сомончалик таъсир қилмайди.

[21] Таёқ унга хашакдай туюлади, Найзаларнинг шувиллашидан у кулади.

[22] Қорнидаги тангачалари сопол парчасидай ўткир, Лойдан юрса, ерни ёриб ўтади.

[23] Левитан ҳаракатларидан денгиз қайнайди, Чуқур сувларни қайнаган мойдай қилади.

[24] У сузган жойларда ялтираган из қолади, Денгиз оқ сочлар билан қопланганга ўхшайди.

[25] Ер юзида унга тенг келадигани йўқ, Бу жониворда қўрқув деган нарса йўқ.

[26] Барча такаббур жонзотга у паст назар билан қарайди, Мағрур ёввойи ҳайвонларнинг шоҳи Левитандир.”

Аюб пайғамбар китоби — Chapters