Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:53

[1] Мен: «Аёл–қизларга шаҳват билан қарамайман», деб Кўзларим билан аҳд тузган эдим.

[2] Хўш, Худо менга берган насиба нима бўлди?! Қодир Худо мен учун нима буюрган?!

[3] Адолатсизларнинг бошига офат, Бадкирдорларнинг бошига кулфат тушади–ку.

[4] Худо ҳамма йўлларимни кўради, Босган қадамимни кузатиб туради.

[5] Агар ёлғон гапирган бўлсам, Тилим ёлғон–яшиққа тўла бўлса,

[6] Майли, Худо мени адолат тарозисида тортиб кўрсин, Шунда У поклигимни билиб олади.

[7] Агар тўғри йўлдан оғиб кетган бўлсам, Нафсим мени йўлдан уриб, Қўлларимни булғаган бўлсам,

[8] Майли, мен экай, ҳосили бировга насиб бўлсин, Даламда унган экинлар суғуриб ташлансин.

[9] Бирор аёл мени йўлдан урган бўлса, Шаҳват билан қўшнимни пойлаган бўлсам,

[10] Майли, хотиним бошқаларнинг буғдойини янчсин, Бегона эркаклар унинг олдига кирсин.

[11] Ахир, шаҳват бузуқлик–ку! Бу гуноҳ албатта ҳукм қилинади.

[12] Ҳалокат диёригача етиб борадиган оловдайдир у, Бор–будимни таг–томири билан еб битиради.

[13] Қулларим, чўриларим мен ҳақимда шикоят қилганда, Уларга нисбатан доим адолатли бўлганман.

[14] Акс ҳолда, Худо ҳукмга турганда мен нима қилардим? Худо мени сўроқ қилганда нима деган бўлардим?

[15] Мени яратган уларни ҳам яратган–ку! Онамизнинг қорнида барчамизга шакл берган — Худо–ку!

[16] Муҳтожлар мадад сўраганда, қайтариб юбормадим, Беваларнинг умидини пучга чиқармадим.

[17] Овқатимни бир ўзим емадим, Етимлар билан бўлишдим.

[18] Ёшлигимдан етимларга ота бўлдим, Умрим бўйи беваларга ғамхўрлик қилдим.

[19] Кўзим тушган яланғоч бечоралар Қўйларимдан қирқиб олинган жунлар билан исинди. Уст–боши бўлмаган фақирларга меҳр кўрсатдим, Шунинг учун улар мени дуо қилди.

[21] Агар қозихонада сўзим ўтишини билиб туриб, Етимларга қарши қўл кўтарган бўлсам,

[22] Қўлларим синиб қолсин, Қўлим елкамдан узилиб тушсин.

[23] Мен Худодан келадиган кулфатдан қўрқардим, Худонинг улуғворлигини била туриб, бундай иш қила олмасдим.

[24] Тиллага ишондимми? Тоза тиллага умид боғладимми?

[25] Бойлигим кўплигидан ёки мол–мулким билан мақтандимми?

[26] Осмондаги ёруғ қуёшга қараб, Гўзал ойнинг сузишини кузатиб,

[27] Юрагим васвасага тушдими? Уларга сиғиндимми?

[28] Агар шундай қилган бўлсам, бу ҳам ҳукмга лойиқ гуноҳ бўлар эди. Ахир, бу иш билан юксакдаги Худога садоқатсизлик кўрсатган бўлардим–да!

[29] Ҳатто ғанимларимга келган кулфатдан суюнмадим, Бошига офат тушганда қувонмадим.

[30] Уларни қарғашдан ўзимни тийдим, Бошимга гуноҳ орттирмадим.

[31] Хизматкорларим шундай дердилар: «Аюбнинг чодирида гўшт еб, тўймаганлар борми?»

[32] Ҳеч бир мусофир кўчада тунамас эди, Чунки эшигим доимо сайёҳларга очиқ эди.

[33] Бошқаларга ўхшаб, гуноҳларимни яширмадим, Айбларимни юрагимда сақламадим.

[34] Оломондан чўчийдиганлару Одамларнинг гапидан қўрқадиганлар каби Кўчага чиқмай, жим ўтиравермадим.

[35] Кошки энди менга қулоқ соладиган бирортаси бўлса! Мана арзимга ўзим қўл қўйяпман. Энди Қодир Худо Ўзи жавоб берсин. Қани энди, душманим айбларимни ёзиб берса,

[36] Мен фахрланиб, уларни елкамга осган бўлардим, Тож қилиб кийиб юрган бўлардим.

[37] Ҳар бир босган қадамимга жавоб берган бўлардим, Мағрур бир шаҳзода каби Худонинг олдига борган бўлардим.

[38] Агар ерларим менга қарши фарёд қилса, Ерларим эгатлари кўз ёшга тўла бўлса,

[39] Баҳосини тўламай, ҳосилини еган бўлсам, Деҳқонларнинг ўлимига сабабчи бўлган бўлсам,

[40] Буғдой ўрнига тиканлар ўссин, Арпа ўрнига газанда ўтлар чиқсин.” Шундай қилиб, Аюбнинг гаплари тугади.

Аюб пайғамбар китоби — Chapters