Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:10

[1] Аёл зотидан туғилган инсоннинг Умри қисқа, ҳаёти қайғуга тўла бўлади.

[2] У гул сингари очилади–ю, яна сўлиб қолади. Соядай тез ўтиб кетади, кўпга чидамайди.

[3] Эй Худо! Шундай инсонга назар ташлайсанми? Мени ҳукм қилиш учун Ўз олдингга олиб келасанми?

[4] Ким ҳалолни ҳаром ичидан чиқара олади?! Ҳеч ким.

[5] Сен инсон ҳаётининг кунларини санаб қўйгансан, Неча ой яшашини ҳам биласан. Инсон Сен белгилаган чегаралардан ўтолмайди.

[6] Уни тинч қўй, дам олсин. Мардикорларга ўхшаб, кунлик ишини тинчгина битирсин.

[7] Ҳатто дарахтнинг ҳам умиди бор, Агар у кесиб ташланса, яна ўсаверади, Дарахтнинг новдалари ўсишдан тўхтамайди.

[8] Унинг илдизлари қариб, Тўнкаси чирий бошласа,

[9] Ҳатто сувнинг ҳидини сезса ҳам яна яшнаши мумкин. Навниҳол кўчатдай яна новдалари кўкариши мумкин.

[10] Лекин инсон ўлганда бор кучидан айрилади, Охирги нафасини чиқаради–ю, йўқ бўлиб кетади!

[11] Сув денгиздан буғланиб чиқиб кетгандай Дарё қуриб, йўқ бўлиб кетгандай,

[12] Инсон ҳам ётади–ю, қайтиб турмайди. Осмон йўқ бўлмагунча, у уйғонмайди. Ўлим уйқусидан уни ҳеч ким турғиза олмайди.

[13] Эй Худо, қани энди, мени ўликлар диёрига юборсанг, Ғазабинг босилгунча мени яшириб қўйсанг, Мен учун бир вақт тайинлаб, кейин мени ёдга олсанг.

[14] Инсон ўлса, у яна тириладими? Агар шундай бўлса, озод бўлгунимча Барча қийинчиликларга чидаб берардим.

[15] Мени чақирсанг, Сенга жавоб берган бўлардим. Менга — Ўз қўлинг билан яратганга мунтазир бўлардинг.

[16] Шунда Сен қадамларимни ўлчардинг–у, Гуноҳларимни ҳисобга олмасдинг.

[17] Айбларимни хуржунга солиб, боғлаб қўйгандай бўлардинг. Фосиқлигимни ўчириб, устидан оқлаб ташлагандай бўлардинг.

[18] Аммо тоғлар қулаб, майдаланиб кетади, Қоялар ўз жойидан сурилади,

[19] Сув тошларни емиради, Тошқин сувлар ерни ювиб кетади. Худди шу сингари, Сен ҳам Инсоннинг умидини йўққа чиқарасан.

[20] Сен инсонни бутунлай мағлуб қиласан, Инсон оламдан ўтиб кетади. Ўлганда юзини ўзгартириб, жўнатиб юборасан.

[21] Фарзандлари ҳурматга сазовор бўлсалар ҳам, Хўрлансалар ҳам у билмайди.

[22] Инсон фақат ўз танасидаги оғриқни сезади, Фақат ўзи учун қайғуради.”

Аюб пайғамбар китоби — Chapters