[1] Шундан кейин Эгамиз қуюн орасидан Аюбга шундай деб айтди:
[2] “Билмай туриб гапираётган ким? Ким донолигимга гумон қиляпти?
[3] Қани, эркакка ўхшаб белингни боғла, Сени сўроқ қиламан, жавоб бер–чи.
[4] Заминнинг пойдеворини қўйганимда қаерда эдинг? Доно экансан, қани айт–чи!
[5] Ер юзининг сарҳадларини белгилаган ким? Ахир, ўзинг биласан–ку! Ким ернинг устидан чизиқ ўтказди?
[6] Ернинг пойдеворини нима ушлаб турибди? Тонг юлдузлари жўр бўлиб, қўшиқ куйлаганда, Илоҳий зотлар қувончдан ҳайқирганда Ернинг тамал тошини қўйган ким?
[8] Денгиз ер тубидан отилиб чиққанда, Дарвозаларни ёпиб, тўсиб қўйган ким?
[9] Ахир, Мен булутларни денгизга кийим қилиб қўйдим. Денгизни қалин зулмат билан ўраб қўйган Менман.
[10] Мен денгизга чегаралар белгиладим, Денгизни тамбаланган дарвозалар билан тўсиб қўйдим.
[11] Мен денгизга: «Фақат мана шу ергача келасан, Сенинг мағрур тўлқинларинг шу ерда тўхтайди», деб айтдим.
[12] Сен умрингда бирор марта, тонг отсин, деб буюрганмисан? Ёки, шарқдан кун чиқсин, деб айтганмисан?
[13] Қуёш нурига: «Ернинг тўрт бурчига тарқалиб, Фосиқларни яширинган жойидан силтаб чиқаргин», деб айтганмисан?
[14] Кун ёришар экан, матодаги безаклар каби Муҳр босилган мум каби Ер юзидаги қирлару водийлар ўз шаклини кўрсатади.
[15] Фосиқларга нур берилмайди, Уларнинг ёмон ниятда кўтарилган қўли синади.
[16] Денгиз тубидаги булоқларни бориб кўрганмисан? Сувлар тубида юриб, текшириб кўрганмисан?
[17] Ўлим дарвозалари қаердалигини биласанми? Зулмат дарвозаларини сенга кўрсатишганми?
[18] Бу дунёнинг қанчалик улканлигини биласанми? Агар шуларнинг ҳаммасини билсанг, Менга айт–чи!
[19] Ёруғликнинг масканига олиб борадиган йўлни, Зулматнинг турар жойини биласанми?
[20] Уларни ўз жойларига олиб бора оласанми? Ўша жойга қандай боришни биласанми?
[21] Ҳа, сен биласан албатта! Сен ёруғлик ва зулматдан олдин туғилгансан–да! Қанчалик узоқ умр кўряпсан–а!
[22] Қор сақланадиган омборхоналарни кўрганмисан? Дўл сақланадиган омборларни–чи?
[23] Мен уларни кулфат кунлари учун, Уруш ва жанг кунлари учун сақлаб қўйганман.
[24] Ёруғлик манбаига олиб борадиган йўл қани? Шарқ шамоли чиқадиган жой қаерда?
[25] Селу жалага ким йўл очиб берган? Чақмоқнинг йўлларини ким белгилаган?
[26] Ҳувиллаб ётган биёбонга, Кимсасиз чўлга ким ёмғир ёғдиради?
[27] Ташландиқ харобазорларни сувга қондириб, У ерларда майсалар ўстирадиган ким?
[28] Ёмғирнинг отаси борми? Шабнамни ким дунёга келтирган?
[29] Муз қаердан туғилади? Самодан тушадиган қировга ким ҳаёт берган?
[30] Сув тошлардай қотиб қолади, Денгиз сатҳи музлайди.
[31] Парвин юлдузларини сен боғлаб қўя оласанми? Ҳулкар юлдузини ушлаб турган арқонларни еча оласанми?
[32] Юлдуз туркумларини ўз мавсумида жойига бошлайсанми? Катта айиқ ва кичик айиқ буржидаги юлдузларга йўл кўрсата оласанми?
[33] Осмон қонунларини биласанми? Сен ўша қонунларни ер юзига татбиқ қила оласанми?
[34] Булутларга қараб бақириб кўргин–чи, Қани, устингга ёмғир ёғармикан?
[35] Сен чақмоқни чақтира оласанми? У келиб, хизматингиздаман, дейдими?
[36] Ким юракларга донолик берган? Каллага ақл–идрокни ким солиб қўйган?
[37] Қани, булутларни санашга кимнинг ақли етади? Ер қақраганда, тупроқ қотиб, кесакка айланганда Ким фалак мешларини ағдариб, ёмғир ёғдира олади?
[39] Ғорларида яширин ётган, Инларида кутиб ётган Шернинг болаларини тўйдира оласанми, Она шерга ўлжа топиб бера оласанми?
[41] Қарғанинг болалари қорни очиб, дайдиб юрганда, Менга фарёд қилганда эҳтиёжларини қондирган ким, ахир?