[1] Элиху гапида давом этиб шундай деди:
[2] “Яна бир оз сабр қилинг, мен сизларга кўрсатай, Худо томонида туриб гапирадиган гапларим бор ҳали.
[3] Менинг билимим жуда кўп, Мени яратган Худо одил эканлигини сизларга кўрсатаман.
[4] Ростини айтаман, сўзларим ёлғон эмас. Мана мен, билими баркамол инсон, сизнинг олдингиздаман.
[5] Худо қудратлидир, Аммо У инсонлардан нафратланмайди, Худо қудратли ва барқарордир.
[6] Фосиқларнинг яшашига Худо йўл қўймайди, Эзилганларга эса адолат қилади.
[7] Солиҳлардан юз ўгирмайди, Солиҳларни шоҳлар билан бирга тахтга чиқаради, Уларни то абад юксалтиради.
[8] Агар инсонлар занжирбанд бўлса, Азоб уларни исканжага олган бўлса,
[9] Худо уларнинг қилмишларинию гуноҳларини ўзларига кўрсатади, Улар мағрурланиб кетганларини ошкор қилади.
[10] Йўл–йўриқларини тинглашга мажбур қилади, Ёвузликдан қайтишга амр қилади.
[11] Агар улар итоат этиб, Худога хизмат қилсалар, Қолган умрларини фаровонликда ўтказадилар, Ҳаётлари роҳатда ўтади.
[12] Аммо итоат этмасалар, Улар ўлим дарёсига ғарқ бўладилар, Ақл–идрокка эришмай, оламдан ўтадилар.
[13] Худосизлар аламини ичига ютиб юраверадилар, Худо уларни кишанласа ҳам ёрдам сўрамайдилар.
[14] Улар саждагоҳлардаги фоҳишлар орасида, Ёшликларидаёқ вафот этадилар.
[15] Худо қийналганларни ўша азоблари орқали қутқаради, Зулм ва жабр–жафога мубтало қилиб, уларнинг кўзларини очади.
[16] Худо сизни ҳам дарддан озод қилиб, Бепоён кенгликка олиб чиқади, Дастурхонингиз ноз–неъматга тўлади.
[17] Аммо сиз ҳозир фосиқларни ҳукм қилиш билан оворасиз. Хаёлингиз адолат ва ҳукм билан банд.
[18] Эҳтиёт бўлинг, яна биров сизни бойлик билан васвасага солмасин, Катта поралар сизни йўлдан урмасин.
[19] Бойликларингиз сизни кулфатдан қутқара олармиди?! Қудрату кучингиз энди сизга ёрдам бера олармиди?!
[20] Тунни кутаверманг, Ахир, халқлар кечаси йўқ бўлиб кетадилар–ку!
[21] Ҳушёр бўлинг! Фосиқликка юз бурманг, Ахир, дард сизни фосиқликдан сақлаш учун юборилган–ку.
[22] Худо Ўз қудрати туфайли юксакдир! Унга ўхшаш устоз борми?
[23] Ким Худога йўл кўрсата оларди?! Ким Унга: «Қилганларинг нотўғри», дея олади?!
[24] Худо қилган ишлари учун Инсонлар Уни мадҳ қиладилар, Сиз ҳам доимо уларга жўр бўлинг.
[25] Бутун инсон зоти Унинг ишларини кўрган, Ҳамма узоқдан туриб кузатади.
[26] Худо қанчалар буюк! Унинг буюклигига ақлимиз етмайди, Худонинг умрини ҳисоблайдиган соннинг ўзи йўқ.
[27] У сув томчиларини йиғиб, Уларни ёмғирга айлантиради.
[28] Булутлардан ёмғир ёғдиради, Одамзод бундан баҳраманд бўлади.
[29] Худо қандай қилиб булутларни юргизишини Ёки Ўз масканидан туриб, момақалдироқни қандай гумбурлатишини Ким ҳам тушуна олади?
[30] Мана, қаранглар, Худо шундай чақмоқ чақтирадики, Ҳатто денгиз туби ҳам ёришиб кетади.
[31] Худо Ўз қудратли ишлари билан халқларни бошқаради, Уларга фаровонлик ато қилади.
[32] Чақмоқни қўлига олиб, Белгилаган жойига бориб уришни амр қилади.
[33] Бўрон келаётганини момақалдироқ билдириб туради, Ҳатто чорва ҳам олдиндан сезади.