Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:45

[1] Мана, кумуш қазиб олинадиган конлар бор, Тилла тозаланадиган жойлар ҳам бор.

[2] Темирни ердан қазиб олишади, Тошларни эритиб, мис ажратиб олишади.

[3] Инсон қоронғи конларга чироқ билан киради, Ҳатто ер остининг энг чет жойларини ҳам қазийди. Ернинг қоп–қоронғи жойларигача бориб, Темир ва мис қидиради.

[4] У одамзод яшайдиган жойлардан узоқда, Инсон қадам босмайдиган ерларда конлар қазийди. Одамзоддан узоқ жойларда арқонларга осилиб, чуқурларга тушади.

[5] Мана, дону нон ердан униб чиқади, Аммо ер ости эса ёндирилгандай алғов–далғов бўлиб ётибди.

[6] Ердаги тошлардан зангори ёқутлар чиқади, Тупроғида тилла бор.

[7] Ҳеч бир қузғун конларнинг яширин сўқмоқларини билмайди, Ҳеч бир бургутнинг кўзлари у жойларни кўрмаган.

[8] Ёввойи ҳайвонлар у ерларга оёқ босмаган, Шерлар ҳам у ерлардан юрмаган.

[9] Инсон қояларни ўяди, Тоғларни таг–туги билан қўпориб ташлайди.

[10] Қоялар орасидан йўллар очади, Инсон кўзлари ҳамма бебаҳо хазиналарни кўради.

[11] Инсон дарёларнинг манбаини топади, Яширин хазиналарни ёруғликка олиб чиқади.

[12] Аммо доноликни қаердан топса бўлади?! Идрокнинг манбаи қаерда экан?!

[13] Одамзод доноликнинг қаерда эканлигини билмайди, Чунки ёруғ ер юзида донолик топилмайди.

[14] Тубсиз сувлар, донолик бизда эмас, дейдилар, Денгиз ҳам, менинг ичимда у йўқ, деб айтар.

[15] Доноликни тиллага сотиб олиб бўлмайди, Унинг нархини кумуш билан ўлчаб бўлмайди.

[16] Донолик Офир тилласию ақиқ тошлар, Зангори ёқутлар билан ҳам сотиб олинмайди.

[17] Тилла ҳам, биллур ҳам доноликка тенг келмайди, Доноликни тоза тилла тақинчоқларга алмаштириб бўлмайди.

[18] Доноликнинг қадри гавҳардан ҳам баланддир, Маржон ва жавоҳирлар унинг олдида қадрсиздир.

[19] Ҳабашистоннинг жавоҳири ҳам унга тенг келолмайди, Энг соф тилла билан ҳам доноликни сотиб олиб бўлмайди.

[20] Шундай экан, донолик қаердан келиб чиқади? Идрокнинг манбаи қаерда?

[21] У барча жонзотларнинг кўзларидан яширилган, Ҳатто осмондаги қушлардан ҳам беркитилган.

[22] Ҳатто Ҳалокат ва Ўлим ҳам, Биз донолик ҳақида фақат эшитганмиз, деб айтади.

[23] Доноликка олиб борадиган йўлни Худо билади, Доноликнинг масканини фақатгина У билади.

[24] Зотан, Худо ернинг тўрт томонини ҳам кўриб туради, Фалак остидаги ҳамма нарсани кузатиб туради.

[25] Худо шамолга куч берган, Денгизнинг ҳажмини белгилаган.

[26] Ёмғирнинг қаерга ёғишини У кўрсатиб берган, Чақмоқ учун йўлларни белгилаган.

[27] Ўшанда Худо доноликка қаради–да, Доноликнинг қадрини белгилади. Уни текшириб кўриб, барқарор қилди.

[28] Худо одамзодга шундай деди: «Мен, Раббингиздан қўрқиш доноликдир, Фосиқликдан юз ўгириш идрокдандир.»”

Аюб пайғамбар китоби — Chapters