Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:19

[1] Шундан кейин Темонлик Элифаз Аюбга шундай деди:

[2] “Бир гап айтсам, хафа бўлмайсанми? Ахир, ким гапирмай жим тура олади?!

[3] Сен кўпларга насиҳат қилар эдинг. Ожизларга ёрдам берар эдинг.

[4] Қоқилганларга сўзларинг билан далда берардинг, Оғир юк остида эзилганларга куч бағишлардинг.

[5] Энди эса азоб–уқубатга учраганингда тушкунликка тушяпсан, Ўз бошингга тушганлардан саросимада ўтирибсан.

[6] Худодан қўрқишинг умидинг бўлиши керак эмасми?! Йўлларинг тўғрилиги сенга умид бағишламайдими?!

[7] Ўйлаб кўргин–чи, қачон айбсиз инсон ҳалок бўлган?! Бирор ерда солиҳ киши ҳеч йўқ қилинганми?!

[8] Ўз ҳаётимда кўрганман, ким ёвузлик, Ғам–ғусса экса, худди ўшани ўради.

[9] Худонинг нафаси уларни ўлдиради, Худонинг ғазабидан фосиқлар даф бўлади.

[10] Уларнинг шерникидай бўлган овозларини Худо ўчиради, Ўша махлуқларнинг тишларини Худо синдиради.

[11] Ўлжа йўқлигидан у шерлар ҳалок бўлади, Шерваччалари ҳам узоқларга тарқалиб кетади.

[12] Менга бир сўз яширинча келди, Қулоғимга шивирлаб эшитилди.

[13] Инсонлар чуқур уйқуда бўлганда, Ташвишли тушларда бу сўз келди.

[14] Мени қўрқув–қалтироқ босди, Бутун вужудим ларзага келди.

[15] Бир руҳ юзимни силаб ўтди, Шунда тукларим тикка бўлиб кетди.

[16] Руҳ тўхтаб, қимирламай турди, Аммо уни аниқ кўрмадим. Кўз олдимда бир шарпа турар эди. Сукунат чўкди, кейин бир овоз эшитдим:

[17] «Инсонлар Худонинг олдида солиҳ бўла оладими?! Одамлар Яратувчисининг олдида пок бўла оладими?!

[18] Ахир, Худо ҳатто Ўз фаришталарига ишонмайди–ку, Улардан ҳам айб топади–ку!

[19] Шундай экан, тупроқдан яратилган инсонлардан, Лойдан бино бўлган, куядай эзиладиган Одамлардан қанчалар айб топади?!

[20] Ахир, улар эрталаб бор, Кечаси эса йўқ бўлиб кетадиган инсонлар–ку! Уларнинг номи абадий ўчиб кетади.

[21] Чодирларининг арқонлари узиб ташланади, Улар доноликка етишмай ҳалок бўладилар.»

Аюб пайғамбар китоби — Chapters