[1] Шундан кейин Аюб яна гапирди:
[2] “Қани энди, қайғуларимни ўлчашнинг иложи бўлса эди, Менинг кулфатларим тарозида тортиб кўрилса эди.
[3] Улар денгиз қумларидан ҳам оғирроқ чиққан бўлар эди. Шунинг учун ҳам бўлар–бўлмас гаплар айтдим.
[4] Қодир Худо отган найзалар танамдадир, Руҳим уларнинг заҳридан ичмоқда. Худонинг барча даҳшатлари менга қарши тайёрланган.
[5] Асов эшак ўт йўқлигида ҳанграйди–ку! Ҳўкиз ҳам охурида ем бўлмаса бўкиради–ку!
[6] Тузсиз овқатни еб бўлмайди–ку! Пиширилмаган тухум оқи ахир, нақадар бемаза!
[7] Уларни кўриб иштаҳам йўқолади. Уларни ейишни ўйласам кўнглим айнийди.
[8] Қани энди, тилагим бажо бўлса эди, Худо ниятимни бажо келтирса эди!
[9] Қани энди, Худо мени эзиб ташлашга рози бўлса эди, Қўлига эрк бериб, жонимни олса эди.
[10] Ана ўшанда мен тасалли топган бўлардим, Ҳатто оғриқларимга қарамай қувонган бўлардим, Чунки Муқаддас Худонинг сўзларини мен рад қилганим йўқ.
[11] Қачонгача кутаман ахир, кучим етармикан?! Охири нима бўлади ўзи? Нима учун сабр–тоқат қилишим керак?!
[12] Мен тошдай қаттиқ эмасман–ку! Менинг танам темирдан эмас–ку!
[13] Йўқ, ўзимга ўзим ёрдам беролмайман, Ҳеч бир чора–иложим йўқ.
[14] Қайғу–алам тортаётган инсон Қодир Худодан қўрқишни рад қилган бўлса ҳам, Ўша инсонга содиқ дўстлар керак.
[15] Аммо дўстларимга ҳам ишониб бўлмайди, Улар оқиб ўтиб кетадиган ирмоқлардайдир.
[16] Ўша ирмоқлар музу қор эриганда тошиб оқади,
[17] Иссиқ ҳавода эса улар қуриб қолади, Кун қизиганда ғойиб бўлади.
[18] Карвонлар бу ирмоқларни қидириб, Йўлларидан адашиб кетадилар. Юриб–юриб, чўлда ҳалок бўладилар.
[19] Темо юртининг карвонлари ҳам сув қидириб келадилар, Шава юртидан келганлар ҳам сувга умид қиладилар.
[20] Аммо ўша ирмоқларга ишонганлар тушкунликка тушадилар, У ерга бориб, гангиб қоладилар.
[21] Сизлар ҳам мен учун худди ўша ирмоқлардайсизлар. Кулфатимни кўриб туриб, ваҳимага тушяпсизлар.
[22] Сизлардан бирон нарса сўрадимми?! Ёки бойлигингиздан бериб, мени қутқаринглар, деб айтдимми?!
[23] Душманларимнинг қўлидан қутқаринглар, дедимми?! Ёки зўравонлардан мени халос қилинглар, деб сўрадимми?!
[24] Менга ўргатинглар, майли жим тураман. Қандай нотўғри иш қилганимни тушунтириб беринглар.
[25] Ҳақиқат сўзлари нақадар аччиқ! Лекин гапларингиз нимани исботлаяпти?
[26] Мени беҳуда гапларни айтяпти, деб ўйлайсиз. Шундай экан, нимага тушкунликда айтганларимга жавоб қайтарасиз?!
[27] Сизлар ҳатто етимлар учун қуръа ташлаган бўлардингиз. Дўстингиз устидан савдолашиб, уни сотган бўлардингиз.
[28] Энди марҳамат қилиб менга қаранглар, Мен сизларга ёлғон гапирмайман.
[29] Бас энди, ноҳақлик қилманг. Ахир, менинг айбим йўқ–ку!
[30] Ё гапимда бирор ноҳақлик борми? Тилим ёвузликнинг таъмини ажрата билмайдими?!