Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:20

[1] Шувахлик Билдад Аюбга шундай деди:

[2] “Қачонгача шундай гапларни гапирасан? Оғзингдан чиққан сўзлар шамолга ўхшайди–я!

[3] Худо адолатга хиёнат қиладими? Қодир Худо ҳақиқатнинг йўлини тўсадими?

[4] Фарзандларинг Унга қарши гуноҳ қилган бўлса, Худо уларни гуноҳлари учун жазолади.

[5] Худога юз бургин, Қодир Худога ёлворгин.

[6] Агар пок ва солиҳ бўлсанг, Албатта У сенга қўлини узатиб, Сени ўз ҳаққоний жойингга қайтаради.

[7] Охири шунчалик фаровон бўласанки, Аввалги ҳолатинг ночордай туюлади.

[8] Ана, ўтиб кетганларга қарагин, Аждодларимизнинг қилганларига эътибор бергин.

[9] Ахир, биз кечагина туғилганмиз, ҳеч нарса билмаймиз, Ҳаётимиз ҳам соядек ўтиб кетади.

[10] Аждодларимиз сенга муаллим бўлади, Уларнинг ақл–заковатидан сабоқ ол.

[11] Тўқайзор бўлмаса қамиш ўсадими?! Сув бўлмаган жойда қамиш бўй чўзадими?!

[12] Қамишлар ҳали кўкариб турган пайтдаёқ, Кесилишга тайёр бўлмай туриб, Ҳамма ўтлардан олдин сўлиб қолади.

[13] Ҳа, Худони унутганлар ҳам шу кўйга тушади, Бетавфиқларнинг умиди пучга чиқади.

[14] Улар умид боғлаган нарсалар жуда мўртдир, Улар ишонган нарсалар ўргимчакнинг тўрларидайдир.

[15] Улар ўз уйига суянадилар, аммо уй бузилиб кетади. Уйини маҳкам ушлайдилар, лекин уй бардош бермайди.

[16] Фосиқлар яхши суғорилган, Қуёш нури остида ўсаётган бутага ўхшайдилар, Новдалари бутун боғ бўйлаб ёйилиб кетган.

[17] Илдизлари тошларга чирмашиб, Ўша ердан ўзига жой қидиради.

[18] Лекин илдиз юлиб ташланганда, Ўсган жойи ҳам билинмайди.

[19] Ҳа, фосиқларнинг шодлиги узоққа чўзилмайди, Бошқалар чиқиб, уларнинг ўрнини олади.

[20] Айбсиз кишини Худо ҳеч рад қилмайди, Ёвузларга эса ёрдам қўлини узатмайди.

[21] У ҳали оғзингни кулги билан тўлдиради, Лабларингдан эса шодлик садосини янгратади.

[22] Сендан нафратланганлар уятга қоладилар, Фосиқларнинг чодири вайрон бўлади.”

Аюб пайғамбар китоби — Chapters