[1] Тоғ эчкилари қачон туғишини биласанми? Кийиклар болалаганини кўрганмисан?
[2] Улар боласини неча ой қорнида кўтариб юришини биласанми? Улар болалайдиган вақтни–чи?
[3] Улар чўккалаб туғади, Болаларини дунёга келтиради.
[4] Уларнинг болалари очиқ жойларда ўсиб, кучга тўлади, Ота–онасини ташлаб кетади, бошқа қайтиб келмайди.
[5] Қулонга ким озодлик берган? Ким унинг арқонини ечиб ташлаган?
[6] Мен даштларни унга макон қилиб бердим, Шўр ерлар қулоннинг маскани бўлди.
[7] Шаҳардаги шовқин–сурондан у кулади, Ҳеч ким унинг устига миниб, унга бақиролмайди.
[8] Қирлар қулоннинг яйловидир, Ўша ерларда у кўкатларни қидириб юради.
[9] Ёввойи буқа сенга хизмат қилишга рози бўладими? Тунни сенинг оғилингда ўтказадими?
[10] Арқон билан уни омочга боғлай оласанми? У ерларингни ағдариб берадими?
[11] Кучи кўп, деб унга ишона оласанми? Ҳамма оғир ишларингни унга топширасанми?
[12] У ҳосилингни йиғиб, Хирмонга олиб келишига ишонасанми?
[13] Туяқуш қанотларини севинч билан қоқаверади, Аммо унинг қаноту патлари лайлакникига тенг келолмайди.
[14] Туяқуш тухумларини ерга қўяди, Уларни қумда иситади.
[15] Биров оёқлари билан тухумларини босиб кетишидан, Ёввойи ҳайвон уларни эзиб ташлашидан хавотирланмайди.
[16] Ўз болаларига бегоналарга ўхшаб бераҳм. Чеккан заҳмати беҳуда, аммо унга барибир.
[17] Чунки Худо унга ақл бермаган, Уни идрокдан қисиб қўйган.
[18] Аммо туяқуш қанотларини ёйиб югурганда, Оту чавандозни чангида қолдириб кетади.
[19] Отга кучни сен берганмисан? Унинг бўйнини сен ёл билан қоплаганмисан?
[20] Сен отларни чигирткадай сакратасанми?! Отлар баланд овоз билан кишнаб, Одамларни қўрқувга солади.
[21] Шиддат билан ерни тепади, Қаттиқ куч билан югуриб, жангга отилади.
[22] Қўрқувни билмайди, ваҳимага тушмайди, Қиличдан ҳам қочмайди.
[23] Уларнинг устида ўқдон тарақлайди, Атрофида қиличу найзалар ялтирайди.
[24] Бурғулар чалинганда отлар бир жойда туролмайди, Улар чопқиллаб, ерни чангитади.
[25] Ҳар бурғу чалинганда кишнайди, Узоқданоқ жанг ҳидини сезади. Сардорларнинг жангга даъватларию ҳайқириқларини эшитади.
[26] Қарчиғайлар қанотларини ёйиб, жанубга учади. Уларга учишни сен ўргатдингми?
[27] Сен буюрганинг учун бургут парвоз қиладими? Сенинг сўзинг билан баланд жойларда ин қурадими?
[28] У қояларда яшайди, Қиррали қоялар унинг қалъаси.
[29] Ўша ердан туриб, бургут ўлжасини топади, Узоқдан туриб кўзлари кўради.
[30] Унинг болалари қонга тўяди, Жасадлар қаерда бўлса, улар ҳам ўша ерда.”
[31] Кейин Эгамиз Аюбга шундай деди:
[32] “Қодир Худо билан баҳслашаётган одам энди Уни тўғрилайдими?! Қани, Худони айблаган гапирсин энди!”
[33] Шунда Аюб Эгамизга жавоб берди:
[34] “Мен сенга жавоб беришга лойиқ эмасман, Дамим ичимда, оғиз очмайман.
[35] Бир–икки гапириб жавоб топмадим, Энди бошқа гапирмайман.”