Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:47

[1] Нима учун Қодир Худо ҳукм вақтини белгиламайди? Нима учун Худони билганлар бекорга Уни кутадилар?

[2] Фосиқлар чегараларни бузадилар, Ўғирланган подаларни яйловларда боқадилар.

[3] Етимларнинг эшакларини ҳайдаб кетадилар. Беванинг ҳўкизини кафиллик сифатида олиб қўядилар.

[4] Камбағалларни йўлдан четга чиқариб ташлайдилар. Қашшоқларни яширинишга мажбур қиладилар.

[5] Қашшоқлар ёввойи эшаклардай чўлда овқат излашади, Уларнинг фарзандлари учун даштдан бошқа ерда егулик йўқ.

[6] Бегоналарнинг далаларида сомон йиғишади, Фосиқларнинг узумзорларида қолган–қутганини теришади.

[7] Тунни кийим–кечаксиз, яланғоч ўтказади, Совуқда уларнинг ёпинадиган нарсаси йўқ.

[8] Тоғ ёмғирлари уларни шалаббо қилади, Бошпаналари йўқлигидан улар Қоянинг олдида қалтирайдилар.

[9] Фосиқлар беванинг фарзандини Онасининг қучоғидан юлиб олади, Камбағалнинг чақалоғини гаровга олади.

[10] Кийимлари йўқлигидан камбағаллар яланғоч юришади. Буғдой боғламларини кўтариб юрсалар–да, қоринлари оч қолади.

[11] Қатор–қатор зайтун дарахтлари орасида Зайтунни эзиб мой чиқарадилар. Узум сиқиб шароб қиладилар, Аммо чанқоқлари босилмайди.

[12] Шаҳарда жон бераётганларнинг нолалари эшитилади, Жароҳатланганлар мадад сўраб фарёд қилади. Шунда ҳам Худо ҳеч кимни бу ноҳақлик учун жавобгар қилмайди.

[13] Нурга қарши бош кўтарганлар бор. Улар нур йўлидан юрмайдилар, Нур йўли олиб борадиган жойга бормайдилар.

[14] Қотил эрта тонгда туради, Камбағалу бечорани ўлдиради, Кечаси эса ўғрилик қилади.

[15] Зинокор кеч бўлишини кутади, «Ўшанда мени ҳеч ким кўрмайди», деб ўйлайди. Ниқоб билан юзини беркитади.

[16] Ўғрилар кечаси уйларни талаб, Кундуз куни яширинади. Улар нур нималигини билмайди.

[17] Барча ўғриларнинг тонги зулматдир. Ҳа, зулмат даҳшатлари уларнинг дўстидир.

[18] Аммо ўша фосиқлар дарё сувлари устидаги кўпикдай ўткинчидир. Уларнинг ерлари лаънатланган, Уларнинг узумзорларига ҳеч ким қадам босмайди.

[19] Иссиқ ҳаво ва қурғоқчилик қорни эритиб йўқ қилгандай, Ўликлар диёри ҳам гуноҳкорни ўз оғушига олади.

[20] Қуртлар эса уни маза қилиб кемиради. Гуноҳкорни ҳатто ўз онаси унутади, Ҳеч ким уни эсга олмайди. Фосиқлар дарахтлардай синдириб ташланади.

[21] Фосиқлар фарзандсиз аёлга зулм ўтказади, Беваларга меҳр–шафқат кўрсатмайди.

[22] Аммо Худо Ўз қудрати билан кучлиларни ҳалок қилади. Улар баланд кўтарилиши мумкин, Аммо уларнинг ҳаёти учун кафолат йўқ.

[23] Улар осойишта яшашларига Худо йўл қўяди, Аммо Ўзи уларнинг йўлларини доим кузатиб туради.

[24] Ҳозирча улар буюк бўлса ҳам, кейинроқ йўқ бўлади. Улар ерга урилади, худди бошқалардай ўлиб кетади. Дон бошоқларидай қуриб қолади.

[25] Қани, ким гапларимни ёлғон, деб айта олади? Ким менинг гапларимни пучга чиқара билади?”

Аюб пайғамбар китоби — Chapters