Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:49

[1] Мана шулар ҳақида ўйласам, Юрагим ўйнаб, жойида сакрагандай бўлади.

[2] Худо овозининг гумбурлашига яхшилаб қулоқ солинг. Унинг оғзидан чиқаётган гулдуросни эшитинг.

[3] Чақмоғи бутун фалак остида чақнаб, Ернинг тўрт бурчига етиб боради.

[4] Ундан кейин гулдурос эшитилади, Худо Ўзининг улуғвор овози билан гумбурлаган садо чиқаради, Унинг овози эшитилганда чақмоқ чақнайверади.

[5] Ўз овози билан Худо ажойиб гулдурос ҳосил қилади, Унинг қилган ишларига ақлимиз етмайди.

[6] У буюрса ерга қор ёғади, Худо айтгани учун сел ёғади.

[7] У ҳамма одамларнинг ишларини тўхтатиб қўяди, Шунда инсонлар Худонинг қудратини билиб олади.

[8] Жониворлар ўз инларига киради, Ўз уяларида яширинади.

[9] Бўрон ўз маконидан чиқади, Совуқ шамол эсади.

[10] Худо нафаси билан муз ҳосил қилади, Бепоён сувлар музлаб қолади.

[11] Булутларни сув билан тўлдиради–да, Уларнинг орасидан чақмоқ чақтиради.

[12] Худо булутларга йўл кўрсатади, Худонинг амрлари бажо бўлиши учун Шамолу сув ер юзи бўйлаб айланади.

[13] У баъзан, одамзодни жазолай деб, ёмғир ёғдиради. Баъзан эса ерни суғорай, Одамзодга Ўз севгимни кўрсатай деб, булутларни юборади.

[14] Бир дақиқа жим туринг, Аюб, қулоқ солинг, Худонинг ажойиб ишлари ҳақида ўйлаб кўринг.

[15] Худо қандай қилиб булутларни бошқаришини Ёки чақмоқ чақтиришини биласизми?

[16] Қандай қилиб булутлар осмонда осилиб туришини, Билими баркамол Худонинг ажойиботларини биласизми?

[17] Ахир, ер юзида эсган гармсел туфайли Кийимларингиз ҳам исиб кетади–ку!

[18] Осмон сайқалланган бронзадай қаттиқ, Худо уни ёйиб қўйган! Шундай қилиш сизнинг ҳам қўлингиздан келадими?

[19] Худога қандай гапиришни бизга ўргатинг. Биз нотавонлар даъвоимизни тушунтира олмаймиз.

[20] Гапирмоқчи бўлганимни бирортаси Худога айтиши керакми? Ахир, инсон гапирса, албатта ҳалок бўлади–ку!

[21] Шамол булутларни ҳайдагандан сўнг Тиниқ осмонда чарақлаб турган қуёшга Ҳеч ким қарай олмайди.

[22] Шимолдан ёрқин нурлар таралмоқда, Худо ажойиб улуғворликка бурканган.

[23] Биз Қодир Худога етолмаймиз, Унинг қудрати юксакдир. У тўғри ҳукм чиқаради, адолатига хиёнат қилмайди.

[24] Шунинг учун инсонлар Ундан қўрқади. Ҳа, қалби донолар Худони кўради.”

Аюб пайғамбар китоби — Chapters