Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:10

[1] Эй Аюб, энди менинг сўзларимни эшитинг, Ҳамма гапларимга қулоқ солинг.

[2] Мен ҳозир гапиришга тайёрман. Сўзларим тилимда тизилиб турибди.

[3] Сўзларим пок кўнглимдан чиқади, Чин дилдан гапираман.

[4] Мени Худонинг Руҳи яратган, Қодир Худонинг нафаси менга ҳаёт бериб турибди.

[5] Агар қўлингиздан келса, менга жавоб беринг–чи, Ўзингизни ҳимоя қилиб кўринг–чи!

[6] Худонинг олдида сиз ҳам, мен ҳам бирмиз, Мен ҳам тупроқдан яралганман.

[7] Мендан қўрқмасангиз ҳам бўлади, Сизга ҳеч зулм ўтказмайман.

[8] Гапларингизни ўз қулоғим билан эшитдим, Қуйидаги сўзларни олдимда айтгансиз:

[9] «Мен покман, айбсизман, Топ–тозаман, менда ҳеч бир айб йўқ.

[10] Худо эса менга қарши чиқишга баҳона қидиряпти, Мени Ўз душманлари қаторига қўшиб қўйди.

[11] Оёқларимни занжирбанд қилди, Юрган йўлимни кузатиб туради.»

[12] Аюб, мана шу борада сиз ноҳақсиз. Мен сизга шуни айтай: Худо бутун одамзоддан улуғроқдир.

[13] Шундай экан, нимага У билан даъволашяпсиз? Нима учун, Худо менга жавоб бермайди, дейсиз?

[14] Худо қайта–қайта гапиради. Шунда ҳам одамлар тушунмайди.

[15] Одамлар чуқур уйқуга кетганда, Ўринларида ухлаб ётганда, Тушлар, тунги ваҳийлар орқали

[16] Худо уларнинг қулоқларига гапиради, Ўз огоҳлантиришлари билан уларни қўрқитади.

[17] Инсон гуноҳларидан қайтсин, Одамзод такаббур бўлмасин деб, бу сўзларни айтади.

[18] Ўша огоҳлантиришлар одамларни қабрдан сақлайди, Ўлим дарёсидан қутқаради.

[19] Худо инсонларга дарду оғриқ бериб, Одамларнинг суякларини зирқиратиб, тарбиялайди.

[20] Шунда улар нонга ҳам қарай олмайдиган бўлиб қолади. Ҳатто энг ширин овқатлар ҳам кўнглини айнитади.

[21] Улар озиб–тўзиб кетади, фақат териси қолади. Олдин кўринмаган суяклари энди туртиб чиқади.

[22] Ана, улар қабрга яқинлашиб қолди. Ўлим уларнинг жонини пойлаб турибди.

[23] Лекин шу пайтда инсоннинг ҳимоячиси бўлса, Мингларга қарши чиқиб, Ўша инсонни солиҳ деб тасдиқлайдиган бир ҳимоячиси

[24] Ўша инсонга раҳм қилиб: «Эй Худойим, уни қабрдан қутқаргин, Бу инсоннинг жони эвазига тўлов топдим», деса,

[25] Ўша инсоннинг танаси ёш боланики каби янгиланади, Ёшлигидаги каби яна кучга тўлади.

[26] Ўша инсон Худога ибодат қилади, Худо эса уни қабул қилади. Худонинг ҳузурига у шодлик билан киради, Чунки Худо уни солиҳлик йўлига қайтаради.

[27] Ўша инсон келиб, бошқаларга шундай дейди: «Мана, мен тўғри йўлдан юрмасдан, Гуноҳ қилган эдим, Лекин мен ўзимга лойиқ жазони олмадим.

[28] Худо жонимни қабрдан қутқариб қолди. Энди менинг ҳаётим ёруғ кунларга тўла!»

[29] Ҳа, Худо одамзодга шундай қилади, Бир эмас, икки эмас, кўп марта такрорлайди.

[30] Инсонларни қабрдан сақлаш учун, Ҳаёт нури уларнинг йўлларини ёритсин деб, шундай қилади.

[31] Эй Аюб, диққат қилинг, менга қулоқ солинг, Жим туринг, мен гапирай.

[32] Агар бирор гапингиз бўлса, менга жавоб беринг. Гапираверинг, чунки оқланишингизни хоҳлайман.

[33] Лекин гапингиз бўлмаса, менга қулоқ солинг, Сукут сақланг, мен сизга доноликни ўргатай.”

Аюб пайғамбар китоби — Chapters