[1] Намахлик Зўфар шундай деди:
[2] “Гапларинг мени безовта қилди, Энди гапирмасам бўлмайди.
[3] Танбеҳларинг билан мени ҳақоратладинг, Лекин энди онгим, жавоб бер, деб ундаяпти.
[4] Ўтмишдан билмайсанми?! Ахир, инсонлар ер юзига жойлаштирилгандан бери,
[5] Фосиқларнинг шодлиги узоққа чўзилмайди–ку, Бетавфиқларнинг қувончи бир лаҳзалик–ку!
[6] Такаббурлиги самога етса ҳам, Бошлари булутларга тегса ҳам,
[7] Ўзларининг ахлатидай бутунлай йўқ бўлиб кетади. Уларни олдин кўрганлар: «Қани энди улар?» деб сўрайдилар.
[8] Фосиқлар тушдай ўтиб кетадилар, уларни топиб бўлмайди. Кечаси кўринган шарпадай ғойиб бўладилар.
[9] Ҳа, фосиқларни кўрганлар уларни бошқа кўрмайдилар, Маконлари энди уларни танимайди.
[10] Фосиқларнинг фарзандлари камбағаллардан мурувват кутади, Ўз қўллари билан тортиб олган бойликларини қайтариб беради.
[11] Фосиқлар ёш ва кучли эди, Энди суяклари тупроқда ётади.
[12] Фосиқлик уларнинг оғизларида ширин туюлди, Шунинг учун фосиқликни Тилларининг тагига солиб, сўриб ўтирибдилар.
[13] Фосиқликни ташлагиси келмай, Оғзиларида ушлаб турсалар ҳам,
[14] Ўша еганлари қоринларида аччиқ бўлади, Илонларнинг заҳрига айланади.
[15] Бойликларни ютиб, қайтиб қусадилар, Қоринларидан бўлса ҳам, Худо қайтариб олиб қўяди.
[16] Улар кобра илонларнинг заҳарини сўрадилар, Заҳарли илон уларни ўлдиради.
[17] Энди фосиқлар оқар дарёлардан — Сут ва асал оқадиган ирмоқлардан завқ олмайдилар.
[18] Заҳмат билан топганларидан баҳраманд бўлмайдилар. Савдо–сотиқ қилиб топганларининг гаштини сурмайдилар.
[19] Ахир, фосиқлар камбағалларга зулм қилиб, Бўлганича бўлсин, деб ташлаб кетгандилар. Ўзлари қурмаган уйларни камбағаллардан тортиб олгандилар.
[20] Улар нафс балосига учраган, ҳеч қачон қониқмайдилар. Орзу–ҳавас қилиб йиққан бойликлари уларни қутқармайди.
[21] Улар ҳеч нарса қолдирмай, еб битирганди. Шунинг учун фаровонлиги узоққа чўзилмайди.
[22] Фаровонлик даврида ҳам улар ғам–ташвишга тўладилар. Уларнинг бошига офату кулфатлар тушади.
[23] Фосиқлар қоринларини тўйдириб бўлганларида, Худо уларга бор ғазабини сочади. Уларнинг устига Ўз зарбаларини ёғдиради.
[24] Фосиқлар темир қуролдан қочсалар, Бронза найза уларни тешиб ўтади.
[25] Найза уларнинг таналаридан суғуриб олинади, Ҳа, ялтироқ найза уларнинг жигарларидан тортиб чиқарилади, Уларни ваҳима қамраб олади.
[26] Уларнинг хазиналари зулматда йўқ бўлиб кетади. Инсон ёқмаган олов уларни ютиб юборади, Олов фосиқларнинг чодирию ундаги бор нарсасини йўқ қилади.
[27] Само уларнинг айбини кўрсатади, Ер уларга қарши гувоҳлик беради.
[28] Худонинг ғазаби келган куни Уйидагиларни сел оқизиб кетади.
[29] Худо фосиқларга берган улуш ана шулардир, Худонинг уларга тайинлаган насибаси мана шудир.”