[1] Аюб шундай деб жавоб берди:
[2] “Ожизга берган ёрдаминг шуми? Кучсизга шундай мадад керакми?!
[3] Ақлсизга бирам ўргатиб қўйдинг–а! Берган маслаҳатларинг бирам маънолики!
[4] Ким ўргатди ўзи сенга бу доно гапларни?! Сен орқали кимнинг руҳи гапирган ўзи?!
[5] Сувлар остидаги ўликлар диёрида Марҳумларнинг руҳи қалтирайди.
[6] Худонинг олдида ўликлар диёри очиқдир, Ҳалокат диёрининг ҳам ёпинчиғи йўқ.
[7] Худо бўшлиқ устига самони ёйди, Ерни эса бўшлиққа осиб қўйди.
[8] Худо булутларни ёмғир сувига тўлдиради, Булутлар эса сувнинг оғирлигидан йиртилиб кетмайди.
[9] Худо тўлин ойнинг юзини яшириб, Булутлар билан ўраб қўяди.
[10] Худо уфқни бепоён уммон узра ёйиб, Ёруғлик ва қоронғилик орасига чегара қўйди.
[11] Худо осмоннинг устунларига дўқ қилса, Улар қўрқувдан қалтираб тебранади.
[12] Худо Ўз қудрати билан денгизни мағлуб қилди, Ўз заковати билан махлуқ Раҳобни ҳалок қилди.
[13] Ўз нафаси билан булутларни ҳайдаб, Мовий осмонни очди. Унинг қудрати қочаётган илонни эзиб ташлади.
[14] Булар Худо қилган ишларнинг кичик бир парчасидир, Худди пичирлаб айтилган гапга ўхшайди! Шундай экан, агар Унинг қудрати Момоқалдироқдай гумбурласа, ким тушуна олади?”