Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:23

[1] Буларнинг ҳаммасини ўз кўзларим билан кўрганман. Ўз қулоғим билан эшитиб, англаб олганман.

[2] Сизлар билганларни мен ҳам биламан, Сизлар мендан устун эмассизлар.

[3] Қани энди, Қодир Худо билан гаплаша олсам! Худога ўз даъвоимни билдиришни хоҳлайман.

[4] Сизлар эса ёлғонлар тўқийсизлар, Ҳеч фойда келтирмайдиган табибдайсизлар.

[5] Қанийди, жим ўтирсангиз, Ана ўшанда доно иш қилган бўлардингиз.

[6] Энди менинг арзимга қулоқ солинглар, Шикоятларимга диққат қилинглар.

[7] Ёлғон сўзларингиз, ноҳақ гапларингиз билан Худони ҳимоя қиляпмиз, деб ўйлаяпсизларми?!

[8] Худонинг тарафини олиб, Унга ён босасизларми?! Сизлар Худонинг даъвосини ҳимоя қиласизми?!

[9] Қилаётганларингизни У текшириб кўрса, яхши бўладими? Ёки инсонни алдагандай Уни ҳам алдайсизларми?!

[10] Агар ҳатто хаёлингизда ҳам тарафкашлик қилсангиз, У сизларга албатта танбеҳ беради.

[11] Унинг улуғворлиги юрагингизга ваҳима солмайдими?! Ундан қўрқиб, даҳшатга тушмайсизми?!

[12] Сизларнинг гапингиз кулдай фойдасиз, Ҳимоянгиз лой идишдай кучсиздир.

[13] Энди жим бўлинглар! Мен гапирай. Майли, кейин нима бўлса, бўлсин.

[14] Жонимни хавф остига қўйиб бўлса ҳам, Ичимдагиларни айтаман.

[15] Майли, У мени ўлдирсин. Бошқа умидим йўқ–ку! Ўз ишларимни Унинг олдида ҳимоя қиламан.

[16] Унинг олдига боришга журъат қилганим менинг нажотим бўлади, Ахир, бетавфиқ одам Худонинг олдига бора олмайди–ку!

[17] Менинг сўзларимга қулоқ солинглар, Гапларим қулоқларингизга кирсин.

[18] Мен ўз арзимни тайёрлаб қўйдим, Биламан, айбсизлигим исбот бўлади.

[19] Хўш, ким мен билан баҳслашади? Агар мени айбдор деб топсангиз, Овозимни ўчираман–у, ўламан.

[20] Сендан икки нарса сўрайман, эй Худо, Шуни қилсанг юзимни Сендан яширмайман.

[21] Энди қийноқларингни бас қилгин, Ваҳиманг билан мени қўрқувга солма.

[22] Шундан кейин мени чақир, жавоб бераман, Ёки мен гапирай, Сен эса менга жавоб бер.

[23] Менинг қанча айбу гуноҳларим бор экан? Итоатсизликларимни, гуноҳларимни билдиргин менга.

[24] Нима учун мендан юз ўгирасан, Мени Ўз душманинг деб ҳисоблайсан?

[25] У ёқдан–бу ёққа учиб юрган баргни қўрқитасанми, Қуруқ сомонни таъқиб қиласанми?

[26] Менга қарши аччиқ айблар келтиряпсан, Ёшлигимдаги гуноҳларимни эслатяпсан.

[27] Оёқларимни кишанлаб, Юрган йўлларимни пойлайсан, Ҳатто ҳар бир қадамимни ўлчайсан.

[28] Эвоҳ, инсон чирик нарсадай, Куя еган кийимдай йўқ бўлиб кетади.

Аюб пайғамбар китоби — Chapters