[1] Шундай қилиб, ўша уч киши Аюбга бошқа гапирмадилар, чунки Аюб ўз назарида солиҳ эди.
[2] Аммо Буз авлодининг Рам хонадонидан бўлган Борахиёл ўғли Элихунинг жаҳли чиқди. Аюб ўзини оқлаб, Худони айблаётгани учун ундан қаттиқ ғазабланди.
[3] У Аюбнинг учала ўртоғидан ҳам жуда қаттиқ аччиқланди, чунки улар Аюбнинг гапига жавоб топиб бера олмадилар. Натижада Худо айбдордай бўлиб қолди.
[4] Элиху гапириш учун ўз навбатини кутиб турарди, чунки бошқаларнинг ёши уникидан улуғроқ эди.
[5] Лекин уларнинг бошқа гапи йўқлигини кўриб, Элихунинг жаҳли чиқди.
[6] Шундай қилиб, Буз авлодидан бўлган Борахиёл ўғли Элиху ўз гапини бошлади: “Мен ёшман, Сизларнинг эса ёшингиз улуғ. Шунинг учун уялиб, Фикрларимни айтишга қўрқдим.
[7] Ёши улуғлар гапирсин, Кўпни кўрганлар ақл ўргатсин, дедим.
[8] Аммо фақатгина ёши улуғлар доно бўлмайди, Нима тўғрилигини фақат кексалар тушунавермайди. Ахир, инсонга унинг ичидаги руҳ — Қодир Худонинг нафаси ақл–идрок беради–ку!
[10] Шунинг учун менга қулоқ солинг, Мен ҳам ўз фикримни баён қилай.
[11] Сизлар гапирганда жим турдим, Доно гапларингизга қулоқ солдим. Гап қидирганингизда ҳам кутиб турдим.
[12] Сизларга диққат билан қулоқ солдим, Лекин ҳеч бирингиз Аюбнинг айбини исботлай олмадингиз. Унинг гапларига жавоб бера олмадингиз.
[13] Сизлар: «Энг доно йўлни топдик, Аюбни инсон эмас, Худонинг Ўзи мағлуб қилсин», дея кўрманглар.
[14] Аюб гапларини менга қарата айтгани йўқ. Шундай бўлганда ҳам, Мен ҳеч қачон сизларга ўхшаб жавоб бермасдим.
[15] Эй Аюб! Бу учала ўртоғингиз эсанкираб қолди, Гап тополмай ўтирибдилар. Айтадиган биронта сўзи йўқ.
[16] Энди уларнинг айтадиган гапи бўлмаса, Мен кутиб ўтираверайми?!
[17] Мен ҳам жавоб бераман, Ўз фикримни билдираман.
[18] Ичимда сўзлар тошиб кетяпти, Руҳим мени даъват қиляпти.
[19] Қалбим очилмаган шароб каби жўшмоқда, Янги шароб қуйилган меш каби ёрилиб кетай, дейди.
[20] Гапириб, озгина ёзилай. Оғиз очиб, жавоб берай.
[21] Мен ҳеч кимга тарафкашлик қилмайман, Ҳеч бир инсонга хушомад қилмайман.
[22] Агар хушомадгўйликка уста бўлсам, Яратувчим мени йўқ қилган бўлар эди.