[1] Шунда Аюб яна гапирди:
[2] “Бугун ҳам аччиқ шикоят қиламан, Оҳ–воҳдан ўзимни тута олмайман.
[3] Қанийди, Худони қаердан топишни билсам, Тахти олдига борган бўлардим!
[4] Унинг олдига барча арзларимни ёйиб, Ўз даъволаримни айтган бўлардим.
[5] Ўшанда Унинг жавобини тинглаган бўлардим, Унинг менга айтганларини тушунган бўлардим.
[6] У буюк қудрати билан менга қарши чиқармиди? Йўқ, У менга қулоқ тутган бўларди.
[7] Ҳа, солиҳ инсон Унга келиб, арзини айта олади. Ўз Ҳакамим мени бир умрга оқлайди.
[8] Шарққа борсам, Худо йўқдир, Ғарбга бориб ҳам Уни тополмайман.
[9] Шимолда бирор иш қилса, мен Уни кўролмайман, Жануб томон бурилса ҳам Уни тополмайман.
[10] У эса менинг юрган йўлимни билади, У мени синагандан кейин соф тилладай бўламан.
[11] Мен фақат Худонинг йўлидан юрдим, Унинг йўлини тутдим, четга оғмадим.
[12] У берган амрлардан четга чиқмадим, Кундалик ризқимдан ҳам кўра Унинг сўзларини қимматли билдим.
[13] Худо қарорида қатъий туради, Ким Унинг фикрини ўзгартира олади?! У нима хоҳласа, шуни қилади.
[14] Менга қарши тузган режаларини У охиригача бажаради, Унинг бундай режалари ҳали кўп.
[15] Шунинг учун Унинг ҳузурида қўрқувга тушаман, Бу ҳақда ўйласам, мени ваҳима босади.
[16] Худо мени журъатсиз қилиб қўйди, Қодир Худо мени даҳшатга солиб қўйди.
[17] Аммо юзимни қоплаган тим қоронғилик, Зулмат менинг овозимни ўчира олмади.