[1] Аюб яна гап бошлаб шундай деди:
[2] “Менга адолат қилмай, Қалбимни яралаган Қодир Худо шоҳид!
[3] Танамда Худо ато қилган жон бор экан, Сўнгги нафасимгача,
[4] Оғзимдан фисқу фасод эшитилмас, Тилимдан ёлғон сўзлар чиқмас.
[5] Ҳеч қачон сизларни ҳақ деб тан олмайман, Ўлгунимча айбсиз эканлигимни рад қилмайман.
[6] Иккиланмай ўзим ҳақлигимни айтавераман, Ҳаёт эканман, виждоним тоза менинг.
[7] Душманим фосиқлардай жазо олсин, Рақибларим ёвузлардай жазолансин.
[8] Худосиз одам ҳаётдан маҳрум бўлганда, Унда қандай умид қолади? Худо уни йўқ қилганда умиди бўладими?
[9] Худосизларнинг бошига кулфат тушганда, Худо уларнинг фарёдига қулоқ тутармикин?
[10] Ахир, улар Қодир Худодан завқ топмайдилар–ку! Улар ҳар доим ҳам Худога илтижо қилмайдилар–ку!
[11] Худонинг қудрати ҳақида сизларга ўргатаман. Қодир Худонинг йўлларини сизлардан яширмайман.
[12] Ахир, ўзингиз буларнинг ҳаммасини кўргансиз–ку! Шунда ҳам бекорчи гапларни қўймайсиз.
[13] Фосиқларнинг тақдири қуйидагичадир, Қодир Худо золимларнинг бошига солгани мана шудир:
[14] Уларнинг фарзандлари кўпайса ҳам, Барибир урушда ҳалок бўлади. Зурриёти ҳеч қачон нонга тўймайди.
[15] Тирик қолганларини ўлат нобуд қилади, Бевалари эса аза ҳам тутолмайди.
[16] Кумушлари чангдай кўп бўлса ҳам, Кийим–кечаклари уюм–уюм бўлса ҳам,
[17] Ўша кийимларни солиҳлар кияди, Кумушларини эса айбсизлар бўлиб олади.
[18] Фосиқларнинг уйлари қуш инидай мўрт бўлади, Дала қоровулларининг капалари сингари бўлади.
[19] Фосиқлар кечқурун ёстиққа бош қўйганда бой бўлса, Кўзларини очиб қараганда, бор бойликлари йўқолиб кетган бўлади.
[20] Ваҳима уларни сув тошқинидай босади, Тунда бўронлар уларни учириб кетади.
[21] Шарқ шамоли уларни олиб кетади, Фосиқларни ўз жойларидан супуриб ташлайди.
[22] Бу шамол шафқатсизларча уларга ташланади, Фосиқлар шамолнинг кучидан қочишга уринади.
[23] Шамол уларнинг устидан кулади, Ҳуштак чалиб, уларни даҳшатга солади.