Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:45

[1] Элиху гапида давом этиб шундай деди:

[2] “Менинг сўзларимни тингланг, эй донишмандлар. Менга қулоқ солинг, эй билимдонлар.

[3] Тил таомнинг таъмини татигандай, Қулоқ ҳам сўзларни синаб кўради.

[4] Келинглар, нима тўғрилигини танлайлик, Нима яхшилигини биргаликда ўрганайлик.

[5] Аюб шундай дейди: «Мен айбсизман, Лекин Худо менга адолат қилмаяпти.

[6] Тўғри бўлсам ҳам, мени ёлғончига чиқаришди. Гуноҳсиз бўлсам ҳам тузалмас дардга йўлиққанман.»

[7] Аюбга ўхшаган одам борми? Аюб учун Худога шак келтириш сув ичишдай бир гап!

[8] Унинг ўртоқлари бадкирдорлардир, У фосиқлар билан вақт ўтказади.

[9] Аюб ҳатто шундай деган: «Худога ёқадиган иш қилишдан ҳеч бир фойда йўқ!»

[10] Шунинг учун менга қулоқ солинг, заковатлилар. Худо асло фосиқлик қилмас, Қодир Худо ноҳақлик қилмас.

[11] Ахир, У одамларнинг қилганларига яраша қайтаради, Қилмишларининг оқибатини ўз бошларига келтиради.

[12] Мана бу ҳақиқатдир: Худо фосиқлик қилмайди, Қодир Худо адолатга хиёнат этмайди.

[13] Худога ер юзидаги ҳукмронликни биров берибдими?! Бирор кимса Худони дунёга ҳукмдор қилиб қўйибдими?!

[14] Агар Худо Ўз нафасини Қайтариб олишга қарор қилса,

[15] Бутун инсоният бирданига ҳалок бўлган бўларди, Одамзод яна тупроққа қайтган бўларди.

[16] Ақлингиз бўлса эшитинг, Гапларимга қулоқ солинг.

[17] Адолатдан нафратланган инсон ҳукмдор бўла олармиди? Қудратли ва одил Худони ҳукм қилмоқчимисиз?

[18] Шоҳларга: «Сизлар ярамассиз», дейдиган, Бекларни фосиқ деб атайдиган Худо–ку!

[19] У беклар учун тарафкашлик қилмайди, Бойни камбағалдан устун кўрмайди. Ахир, уларнинг ҳаммасини Ўзи яратган!

[20] Одамлар бир зумда ўлади. Ярим кечада қалтирайди–ю, жон беради. Қудратлилар осонликча йўқ қилинади.

[21] Одамлар қилган ишларни Худо кузатиб туради, Улар босган ҳар бир қадамни Худо кўриб туради.

[22] Бирон зулмат ёки қоронғи жой йўқки, Бадкирдорлар ўша жойда яшириниб олса.

[23] Инсонни ҳукм қилиш учун Худо тафтиш ўтказиши шарт эмас.

[24] Худо текширмасдан ҳам қудратлиларни қулатиб, Уларнинг ўрнига бошқаларни жойлайди.

[25] Худо қудратлиларнинг ишларини кузатиб туради. Шунинг учун кечаси уларни ағдариб ташлайди, Улар ҳалок бўлади.

[26] Худо уларни фосиқлиги учун Ҳамманинг кўзи олдида жазолайди.

[27] Чунки улар Худога эргашишни рад қилдилар, Худонинг йўлларини англаб етмадилар.

[28] Камбағалларни шундай эздиларки, Уларнинг ноласи Худога етиб борди.

[29] Худо сукут сақласа, ким ҳам Уни ҳукм қиларди? У юзини яширса, ким кўра оларди? Бу бирор инсон ёки бирор халқнинг қўлидан келармикан?!

[30] Бетавфиқлар бошқа одамларга тузоқ бўлмасин деб, Худо уларни ҳукмдор қилиб қўймайди.

[31] Бирортаси Худога: «Мен жазоимни олдим, энди гуноҳ қилмайман.

[32] Мен кўролмайдиган нарсаларни ўргат, Ҳа, нотўғри ишлар қилдим, Энди бундай қилмайман», — дейдими?

[33] Худо сизнинг ўлчовингиз бўйича қайтариши керакми? Ахир, сиз Ундан нафратландингиз–ку! Эй Аюб, мен эмас, сиз қарор қилишингиз керак. Қани, билганингизни айтинг–чи.

[34] Мана, гапларимни эшитган донолар, Ақл–идроклилар шундай деяпти:

[35] «Аюб билмасдан гапиряпти, Гапларининг маъниси йўқ.»

[36] Қани энди, Аюб яхшилаб ҳукм қилинса, Ахир, у фосиқларга ўхшаб гапиряпти–ку.

[37] Аюб Худога қарши чиқиб, Гуноҳи устига гуноҳ қўшяпти. Орамизда Худони мазах қиляпти, Худога қарши кўп гап айтяпти.”

Аюб пайғамбар китоби — Chapters