[1] Шунда Шувахлик Билдад жавоб берди:
[2] “Қачонгача валдирайсан–а?! Гапингни ўйлаб гапиргин, кейин суҳбатлашамиз.
[3] Нима, бизни мол деб ўйлаяпсанми? Ёки бизни гўл деб биляпсанми?
[4] Жаҳл билан ўзингни жароҳатлаяпсан. Нима энди, сени деб ер юзи ҳувиллаб қолиши керакми?! Ёки қоялар ўрнидан қўзғалиши керакми?!
[5] Фосиқларнинг чироғи албатта ўчади, Оловининг учқуни ёруғлик бермайди.
[6] Чодиридаги ёруғлик зулматга айланади, Тепасида осилган чироғи ўчади.
[7] Собит қадам фосиқлар энди қоқилиб юради. Ўз режалари уларни оёғидан чалади.
[8] Ўз оёқлари уларни тузоққа етаклайди, Ўзлари чуқурликка йиқилиб тушади.
[9] Қопқон уларни товонидан қисиб қолади, Тўр уларни маҳкам тутади.
[10] Ерда фосиқларга илмоқ ташланган, Уларнинг йўлига тузоқ қўйилган.
[11] Ҳар томондан уларни ваҳима босиб, Ҳар қадамда ортидан қувиб юради.
[12] Очликдан уларнинг силлалари қуриб қолади, Кулфат ҳам уларнинг қоқилишини кутиб туради.
[13] Касаллик уларнинг терисини кемириб битиради, Ўлат уларнинг оёқ–қўлларини чиритиб юборади.
[14] Паноҳлари бўлган чодирларидан уларни суғуриб олиб, Ўликлар диёри шоҳининг олдига олиб келишади.
[15] Фосиқларнинг чодирларидан ҳеч нарса қолмайди, Улар яшаган жой олтингугурт билан қопланади.
[16] Уларнинг илдизлари қуриб қолади, Новдалари ҳам сўлиб қолади.
[17] Ер юзидан уларнинг хотираси ўчиб кетади, Кўчаларда улардан ном–нишон ҳам қолмайди.
[18] Улар ёруғликдан зулматга ҳайдаладилар, Ҳа, бу дунёдан қувиб чиқариладилар.
[19] Халқи орасида улардан авлод–зурриёт қолмайди, Улар яшаган жойлар кимсасиз бўлиб қолади.
[20] Уларнинг тақдиридан ғарбдагилар даҳшатга тушади, Шарқдагиларни эса ваҳима босади.
[21] Ҳа, ёвузларнинг маскани шу аҳволга тушиб қолади, Худосизларнинг жойи шундай бўлиб қолади.”