[1] Темонлик Элифаз шундай деди:
[2] “Инсон Худога қандай фойда келтиради?! Доно инсон У учун бирор фойдали иш қила оладими?!
[3] Солиҳ бўлсанг бу Қодир Худога қандай завқ келтиради?! Юрган йўлларинг пок бўлса, Унга қандай фойда?!
[4] У сенга художўйлигинг учун танбеҳ берадими?! Бунинг учун сени ҳукм қиладими?!
[5] Ахир, фосиқлигинг қанчалар оғир?! Гуноҳингнинг чеки йўқ–ку!
[6] Яқинларингдан ҳеч бир сабабсиз гаров олдинг, Камбағаллардан кийимини ечиб олиб, яланғоч қолдирдинг.
[7] Чанқаганларга сув бермадинг. Қорни очлардан нонингни қизғандинг.
[8] Ҳа, қудратлилар юртга эгалик қиладилар, Обрўлилар у ерда яшайдилар.
[9] Беваларни қуруқ қўл билан орқага қайтардинг, Етимларга ёрдам қўлини чўзмадинг.
[10] Шунинг учун атрофинг тузоқлар билан ўралган. Тўсатдан сени ваҳима босган.
[11] Атрофингни зулмат қамраб олган, Кўзларинг ҳеч нарсани кўрмаяпти, Сув тошқинлари сени кўмиб кетган.
[12] Юксакдаги баланд юлдузларга қара. Аммо Худо само чўққисида–ку!
[13] Шунда ҳам сен: «Худо нимани биларди, Зулмат орасидан У қандай ҳукм қила оларди», дейсан.
[14] «Қуюқ булутлар Уни яширган, У бизни кўрмайди, Худо осмон гумбази узра айланиб юрибди–ку», деб айтасан.
[15] Сен фосиқлар юрган Азалий йўлдан юраверасанми?
[16] Улар ҳаётдан бевақт маҳрум бўлдилар, Умр пойдеворларини сел ювиб кетди.
[17] Фосиқлар Худога шундай дедилар: «Бизни тинч қўйгин. Эй Қодир Худо, бизга нима қила олардинг?»
[18] Аммо уларга барака бериб, уйларини тўлдирган Худо–ку! Фосиқларнинг ўй–хаёлларидан мен жирканаман.
[19] Солиҳлар фосиқларнинг аҳволини кўриб, хурсанд бўладилар, Айбсизлар фосиқларни мазах қилиб куладилар.
[20] Улар: «Душманларимиз йўқ қилинди, Битта қолмай оловда ёниб кетдилар», деб айтадилар.
[21] Худо билан тортишаверма! У билан ярашгин, Шунда фароғатда яшайсан.
[22] Худонинг оғзидан чиққан ўгитларига қулоқ тут, Сўзларини юрагингда сақла.
[23] Қодир Худога юз бурсанг, соғлигу бойлигинг қайта тикланади. Чодирингни фосиқликдан тозаласанг,
[24] Олтинни чанг деб билиб, Офир тилласини дарёга отсанг,
[25] Қодир Худонинг Ўзи сенинг хазинанг бўлади. У сенинг қимматбаҳо кумушинг бўлади.
[26] Шунда Қодир Худодан завқ топасан, Худога юз бурасан.
[27] Сен Унга илтижо қиласан, У эса сенга қулоқ тутади. Унга берган ваъдаларингни бажарасан.
[28] Нима ният қилсанг, ҳаммаси амалга ошади, Ҳаёт сўқмоқларинг нурга тўлади.
[29] Агар шарманда бўлган одам учун Худога илтижо қилсанг, Худо ўша одамни шармандаликдан қутқаради.
[30] Сенинг пок қўлларинг туфайли Ҳатто айбдорлар ҳам нажот топади.”