[1] Аюб шундай жавоб берди:
[2] “Қачонгача мени қийнайсизлар, Гапларингиз билан мени эзасизлар?
[3] Мана, мени ўн марта ҳақоратладингиз! Менга ҳамла қилаверишдан уялмайсизларми?
[4] Агар хато қилганим рост бўлса, Гуноҳим ўзимнинг ташвишим.
[5] Сизлар ўзингизни мендан устун қўйяпсиз. Мана бу гуноҳингнинг далили, деб Шарманда бўлганимни кўрсатяпсиз.
[6] Шуни билинглар, Худонинг Ўзи менга ҳақсизлик қилди, Тўрлари билан атрофимни ўради.
[7] «Ўлдиряпти!» деб хитоб қилсам ҳам, Менга ҳеч ким жавоб бермайди. Фарёд қиламан, лекин адолат йўқдир.
[8] Худо йўлимга ғов қўйган, ўтолмайман. Йўлларимни зулмат билан қоплаган.
[9] У бор обрўйимни тўккан, Бошимдаги тожимни тортиб олган.
[10] Менга ҳар томондан ҳужум қилди, тамом бўлдим, Дарахтни суғургандай, умидимни суғуриб ташлади.
[11] Унинг ғазаби менга қарши қайнайди, У мени Ўзига душман деб ҳисоблайди.
[12] Унинг қўшинлари бостириб келади. Мени қамал қилиш ниятида Чодирим атрофида қароргоҳ қуради.
[13] Худо қариндош–уруғимни мендан узоқлаштирди, Танишларим мендан юз ўгирдилар.
[14] Қариндошларим мени тарк этишди. Дўстларим мени унутишди.
[15] Уйимга келган меҳмонлар ҳам, Чўриларим ҳам менга бегонадай қарашади. Уларнинг назарида бир мусофирдай бўлиб қолдим.
[16] Хизматкоримни чақирсам, у жавоб бермайди. Унга ўзим ялиниб боришим керак.
[17] Нафасим хотинимга жирканч бўлиб қолган, Қариндош–уруғим мендан нафратланади.
[18] Ҳатто ёш болалар ҳам мендан ҳазар қилади. Оёққа турсам, улар мени мазах қилади.
[19] Ҳамма яқин дўстларим мендан ҳазар қилади. Яхши кўрганларим ҳам мендан юз ўгирди.
[20] Терию суягимдан бошқа ҳеч нарсам қолмади, Ўлишимга бир бахя қолди.
[21] Эй дўстларим, менга раҳм қилинглар, Ахир, мени Худо урди–ку!
[22] Худо мени қувғин қилгандай, Нима учун сизлар ҳам мени қувғин қиляпсизлар? Мени еб битирдингиз–ку! Ҳали ҳам тўймадингизми?
[23] Қани энди, айтган сўзларим ёзиб қўйилса! Улар китобга туширилса!
[24] Темир қаламу қўрғошин билан Қояга абадий ўйиб битилса!
[25] Аммо мен биламан, Менинг Халоскорим ҳаётдир, Вақти келиб, У мени ҳимоя қилади.
[26] Терим ириб кетган бўлса ҳам, Мана шу танамда Худони кўраман.
[27] Мен Уни ўз кўзларим билан кўраман, Ҳа, мен кўраман, бошқа ҳеч ким эмас. Юрагим орзиқиб кетяпти!
[28] Агар сизлар: «Мана энди унга қарши чиқамиз! Ахир, кулфатларининг илдизи ўзида–ку», десангиз,
[29] Ўзингиз жазодан қўрқинг. Худо ғазаби келганда қилич билан жазолайди, Шунда сизлар ҳукм борлигини билиб оласизлар.”