[1] Аюб шундай жавоб берди:
[2] “Мен бундай нарсаларни кўп эшитганман, Қандай ношуд юпатувчисизлар–а!
[3] Бу беҳуда гапларнинг охири борми ўзи?! Шундай гапиришга сизларни нима ундайди?!
[4] Агар сизлар менинг ўрнимда бўлганингизда эди, Мен ҳам сизлардай гапирсам бўларди. Бошимни чайқаб, Сизларга қарши чиройли сўзлар айтсам бўларди.
[5] Аммо мен сўзларим билан сизларга далда берган бўлардим. Гапларим билан дардингизни енгиллаштирардим.
[6] Ҳозир эса, гапирсам ҳам дардим енгиллашмайди, Гапирмасам ҳам азобларим камаймайди.
[7] Эй Худо, Сен мени эзиб юбординг, Бутун оиламни йўқ қилдинг.
[8] Юзимни ажинлар билан тўлдириб ташладинг. Булар менга қарши гувоҳ бўлади. Озғинлигим ҳам кўзга ташланиб, Менга қарши гувоҳлик беради.
[9] Худо ғазаб билан ортимдан қувиб, Мени эзиб ташлади. Тишларини ғичирлатиб, Кўзлари билан тешади.
[10] Мени кўриб, одамларнинг оғзилари очилиб қолди, Улар мени мазах қилиб, юзимга урдилар. Тўдалашиб, менга қарши чиқиш учун йиғилдилар.
[11] Худо мени бетавфиқлар ихтиёрига ташлади, Фосиқларнинг қўлига бериб қўйди.
[12] Мен тинчгина яшаётган эдим, У мени парчалаб ташлади, Бўйнимдан ушлаб, мени эзди. Кейин эса Худо мени нишон қилиб,
[13] Ўз камонлари билан ўраб олди. Раҳм–шафқат қилмай, Ўқлари билан мени илма–тешик қилиб ташлади. Ичак–човоқларим ерга тўкилди.
[14] Худо қайта–қайта менга ҳужум қилди, Менинг устимга жангчидай бостириб келди.
[15] Қайғу–аламдан қанорга буркандим, Қанор худди теримга қўшиб тўқилгандай бўлиб қолди, Ғурурим поймол бўлди.
[16] Нолаю фарёддан юзим қизариб, Қовоқларим қорайиб кетган.
[17] Лекин қўлларим ёвузликдан узоқ, Ибодатларим покдир.
[18] Эй тупроқ, менинг қонимни яширма, Менинг фарёдим йўқолиб кетмасин.
[19] Мана, ҳозир менинг Гувоҳим самодадир, Менинг Ҳимоячим юксакда ўтирибди.
[20] Дўстларим мени мазах қиляпти, Мен эса Худо олдида кўз ёш тўкаман.
[21] Қани энди биронтаси Ўз яқини учун Худога илтижо қилгандай, Мен учун ҳам Худога ёлворса.
[22] Чунки мен кўп вақт ўтмай Борса келмас жойга кетаман.