[1] Энди эса ўзимдан ёш бўлганлар устимдан кулади, Уларнинг оталари қўриқчи итларим орасида бўлишга ҳам арзимайди.
[2] Улардан менга нима фойда?! Ахир, улар куч–қувватдан қолган–ку!
[3] Улар очлигу муҳтожликдан озиб–тўзиб кетган, Тун бўйи дашту биёбонда дайдиб юради.
[4] Чўл буталари орасида аччиқ ўтлар теради, Юлғун бутасининг илдизлари уларга емиш бўлади.
[5] Улар одамлар орасидан ҳайдалган. Ўғриларга бақиргандай уларнинг орқасидан бақирадилар.
[6] Улар қуруқ сойликлару чуқурларда, Қоялар орасида яшашга мажбурдирлар.
[7] Чангалзорларда ҳайвонлар сингари бўкиради, Қичитқи ўтлар орасида ғужанак бўлиб ўтиради.
[8] Энг паст, ярамас бу тўдани Хивчинлар билан юртдан ҳайдашган.
[9] Мана энди ўшалар мазах қилиб, Мен ҳақимда қўшиқлар куйлайди, Мен уларга кулги бўлиб қолдим.
[10] Улар мендан нафратланиб, яқинимга ҳам келмайди, Ҳатто юзимга тупуришдан ҳам тоймайди.
[11] Худо кучимни кесди, мени ерга урди. Шунинг учун ўша ярамаслар ҳам Менинг олдимда ўзларини жиловлай олмайдиган бўлдилар.
[12] Ўша қаланғи–қасанғилар Менга қарши чиқиб, ерга йиқитадилар, Мени ўлдирмоқчи бўлиб, ҳужум қиладилар.
[13] Йўлларимни тўсиб, Бошимга тушадиган кулфатни тезлатадилар, Уларни тўхтатадиган ҳеч ким йўқ.
[14] Мени мазах қилувчилар ҳар томонлама ҳужум қиладилар, Тўфондай устимга ёпириладилар.
[15] Мени қўрқув босган, Обрўйим шамол учиргандек кетди, Фаровонлигим булут каби ўтиб кетди.
[16] Энди юрагим эзилиб кетяпти, Ҳар куни мен азоб–уқубат тортаман.
[17] Тун бўйи суякларим зирқираб оғрийди, Мени дард қийнаб, ҳеч тинчлик бермайди.
[18] Худо шахт билан кийимимдан ушлади, Кўйлагимнинг ёқасидан тутди.
[19] У мени лойга булғади, Чангу тупроқчалик қадрим йўқ.
[20] Эй Худойим, Сенга илтижо қиламан, Аммо Сен менга жавоб бермайсан. Сенинг олдингда турибман, Сен эса қараб тураверасан.
[21] Менга нисбатан шафқатсиз бўлиб қолдинг, Ўз қудратинг билан мени қувғин қиляпсан.
[22] Қуюн билан мени кўтариб, Бўрон орасида у ёқдан–бу ёққа отасан.
[23] Биламан, инсоннинг қисмати бўлган ўлимга Мени ҳам олиб борасан.
[24] Бошига кулфат тушган муҳтож одам нола қилса, Ҳеч ким унга қўл кўтармайди–ку, ахир.
[25] Мен бошига кулфат тушганлар учун қайғурдим–ку! Муҳтожларни кўриб, юрагим ачиди–ку!
[26] Аммо яхшилик кутганимда ёвузлик келди, Ёруғликка умид қилсам, зулмат тушди.
[27] Қалбим безовталанган, тиним билмайди, Оғир кунлар бошимга тушган.
[28] Қуёш нури бўлмаган бир зулматда юрибман, Жамоа олдида мадад сўраб, фарёд қиламан.
[29] Мен чиябўрининг дўстидай, Туяқушнинг укасидай бўлиб қолдим.
[30] Терим қорайиб кетган, Танам иситмадан ёняпти.
[31] Найим садоси азадорларга жўр бўлади, Лирам қайғули нола қилади.